Города Мира. Ташкент

Прописка муҳокамаси: нега вилоятдаги одамлар Тошкентдан уй ололмаслиги керак

2376
(Янгиланган 21:28 12.01.2018)
"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг 28-бандида фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган

ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Тошкент шаҳрига "прописка" қилиш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда.

"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг 28-бандида фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган.

Давлат дастурида келтирилган ҳар бир банднинг изоҳлар сонини кўриб чиқилганда энг кўп муҳокакамага сабаб бўлаётгани айнан шу банддир. Мазкур банд юзасидан ўзбекистонликлар энг кўп фикр ва таклифлар билдиришмоқда. Одамлар "прописка" туфайли дуч келган муаммоларни ёзишган.

Айрим изоҳларни келтириб ўтамиз:

Абдулатиф Ҳайдаров: "Прописка масаласини умуман йўқ қилиш керак. Бу Ўзбекистон фуқароларини икки хил тоифага ажратиб қўймоқда. Пропискалилар олий табақа пропискасизлар пастки тақа дегандек. Чунки пропискасизларга жуда кўп тўсиқлар қўйилган. Уй сотиб оламан деса уй сотиб ололмайди, чунки уни пропискаси йўқ. Пропискага қўяман деса, ўз номида уйи йўқ жуда кулгули ҳолат бу. Яна ҳам қизиғи уй оламан десангиз бировни номига оласиз бир умр шу одамдан хавотирда яшайсиз ва ўзингиз кимнидир номига сотиб олган уйингизга ижара шартнома қилиб, ўз уйингизга пул тўлаб яшаш энг алам қиладиган жиҳат. Таклифим шундаки, пропискани умуман йўқ қилиш керак. Тошкентда одам кўпайиб кетади деган важни қилишади. Тошкентда яшамоқчи бўлган одам барибир ҳам юрибдику пропискасиз бори ҳам йўғи ҳам".

Марҳабо Ботирова: "Тошкент шаҳридан уй сотиб олишни ҳам бемалол қилиб қуйиш керак, қурилиш баҳоси қанча бўлса, шунча хоҳлаган Ўзбекистон фуқароси сотиб олиши мумкин бўлсин, ҳеч қанақа 2500 ёки 3000 баробар керак эмас. Ким ўйлаб топган бўлса ҳам".

"Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга қўйиш тартибларини қайта кўриб чиқиш лозим. Тошкент шаҳридан уй-жой олиш тартиби фақатгина Тошкент шаҳар доимий пропискаси орқали амалга ошириш тартибини бекор қилиш керак. Нега энди вилоятдаги одамлар Тошкентдан уй ололмаслиги керак. Ҳозирда жуда кўплаб инсонлар уйларни Тошкент пропискасида бўлган танишларининг номига олишган. Бу кўплаб муаммоларга сабаб бўлаяпти", — деб изоҳ ёзган Равшанов Рустам.

Бекзод Ибрагимов эса қуйидагиларни билдирган: "Прописка тизимини янада соддалаштириш керак. Беш йилдан зиёд Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда туриб, муқим жойда ишлаётганларга ипотека кредитлари асосида уй олиш учун рухсат бериш керак. Қанчадан-қанча яхши кадрлар Тошкент шаҳрида олган ойлигини фақат ижара уйи учун сарфлаб, бири икки бўлмаяпти".

Саидов Акбархўжа: "Пропискаси бўлмаган фуқароларнингТошкент шаҳрида уй-жой сотиб олишга бўлган таъқиқ — бу мутлақо конституцион нормаларга зид ҳолат. Жумладан, фуқароларнинг мулкдор бўлиш ва республика ҳудудида эркин кўчиш ҳуқуқининг тўсқинлиги ҳисобланади. Ушбу лойиҳани мазкур ҳуқуқбузарликнинг ечилиши йўлидаги илк қадам сифатида олқишлайман!".

Равшан Казакбаев эса бу масалада шошилмаслик кераклиги ҳақида фикр билдирган: "Менимча, ҳозирча, ҳаммаси жой жойига тушгунча, Тошкент шаҳридаги баъзи бир чекловлар шундай қолгани яхшироқ деб ўйлайман. Чунки шаҳарда ишсизлик даражаси юқори эканлигини ва вилоятлардан иш излаб келган ишсизларнинг сони шундоқ ҳам кўп эканлигини ҳисобга олса, шаҳарда ишсизлик янада кучайиб, жиноятлар сони ошиши мумкин. Айниқса Сирғали, Яшнобод туманлари каби чекка ва Қўйлиқ бозори каби тартибсиз жойларда. Бу менинг фикрим, балки адашаётгандирман, қандай қарор чиқариш эса сизлардан".

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция вa фyқароликни расмийлаштириш бош бошқapмacи бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаев Ўза мухбирига прописка масаласи ҳали ўз ечимини топмаслигини маълум қилган.

Хусусан нашрга берган интервьюсида "Прописка" ҳақиқатан долзарб масала бўлиб турибди. Давлат дастури лойиҳасида белгиланганидек бу борада фуқароларга зарур қулайликлар яратилади. Лекин "прописка"ни бутунлай бекор қилолмаймиз. Бунга алоҳида тайёргарлик зарур. Барча ҳудудларнинг бирдек ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилиши бир кун келиб бунга ўз-ўзидан замин яратади", — деб айтган у.

2376