Ветряные электростанции

Бугун “яшил” иқтисодиётга ҳар кимдан ҳам кўпроқ Ўзбекистон муҳтож

650
Сиёсатшунос ва шарқшунос олим Дмитрий Верхотуров Sputnik билан суҳбатида самарали иқтисодий ривожланиш учун Ўзбекистонга нима учун “яшил” иқтисодиёт зарурлиги юзасидан мулоҳазалар юритди.

ТОШКЕНТ, 11 окт - Sputnik. Дмитрий Верхотуров. Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиши тўғрисидаги стратегияни тасдиқлаган президент қарори, таажжубки, жамитяда қизғин реакцияни келтириб чиқармади. Бу ҳолатнинг ғайриоддий дейилишига иккита асос бор: биринчидан, масала республика иқтисодий сиёсати учун ҳаётий муҳим, иккинчидан эса, “яшил” иқтисодиётнинг жорий этилиши билан боғлиқ ўзгаришлар ўта жиддий бўлиб, улар ўзбек иқтисодиёти ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади.

Ҳатто шундай дея оламан, агар Ўзбекистон буни уддалай олса, уни олдида аъло даражали турмуш тарзи кутмоқда, йўқса - республикани муайян иқтисодий истиқболларга эга бўлмаган мураккаб давр кутмоқда.

Назариявий чекиниш

“Яшил” иқтисодиёт кенг мавзу бўлиб, унинг барча жабҳаларини очиқлашга каттадан-катта монографияларни баён қилишга тўғри келади. Шунинг учун уни электр энергияси мисолида кўриб чиқамиз.

Даставвал “яшил” иқтисодиёт тушунчасига тўхталсак. Назариянинг бирламчи қоидасига кўра, иқтисодиёт табиий муҳитнинг қисмидир. У ушбу муҳитдан олган турли хил ресурсларни кишиларга зарур бўлган маҳсулот ва хомашёга айлантиради ҳамда вужудга келган чиқиндиларни муҳитга қайтаради. Шу ўринда, ўзлари табиатга қарам бўлган кишилар ҳам табиий муҳит қисмидир ва буни унутмаган яхши.

Кишиларга нафас учун яроқли ҳаво, ичимлик суви, озиқ-овқат керак. Буларнинг ишлаб чиқилиши эса экотизимларнинг (ҳар қандай макон – табиий умумий экотизимга жойлаштирилган экотизим туридир) самарадорлигига бориб тақалади. Шундай қилиб, иқтисодиёт табиий муҳитни қўпормасдан ривожланишда давом этиши керак, негаки, бу улкан бир ҳалокатни вужудга келтириши мумкин.

Шу каби фундаментал тамойилдан келиб чиқиб, “яшил” иқтисодиёт назариячилари иқтисодий ўсиш ортидан югурмасликни ва кишилар ўзларидаги доимий юқорига қараб ўсувчи талабларни чеклаши кераклигини уқтирмоқда. Чунки, ресурслар танқислиги шароитида уларни тамомила қондиришнинг иложиси ҳам йўқ.

Бундай радикализм ўринсиз туюлиши мумкин, аммо у алоҳида олинган иқтисодий сиёсатда “яшил”иқтисодиёт тамойилларининг амалда қўлланишига тўсиқ бўлмайди.

Амалиётда “яшил” иқтисодиёт бу бир дона маҳсулот ишлаб чиқилишига кетадиган хомашё ва энергия ҳаражатини, қазилма ёқилғи қўлланилишини қисқартириш ва уни қуёш ҳамда шамол энергияси билан жойини алмаштириш, чиқиндилар шаклланишини қисқартириш йўлларини аниқлаш жараёнидир. Бундай сиёсат иқтисодий жиҳатдан афзалроқ, албатта. Дейлик, бирор бир русум ёқилғисининг соатига бир килловатни ишлаб чиқиши учун 1 кг.ми ёки 200 граммни сарфлашни афзал кўрасиз? Бу каби танлов олдингизда турганида, шубҳасиз, жиддий фарқни ҳис қиласиз. Бундай ёндашув бутун ишлаб чиқариш тизимига ҳам таалуқлидир.

Бошқа бир мисол, 2000 йилда Ўзбекистон ЯИМидаги 1000 АҚШ долларининг энергетик ҳажми нефтдаги эквивалентда 980 кг.ни ташкил этганди. 2016 йилда бу кўрсаткич 480 кг.га тушди. Шундай бўлса-да, бунда тўхташ керак эмас, албатта. Зеро, интиладиган марралар ҳали олдинда. Дунёда бу кўрсаткич ўртача 200 кг.га тенг, Германияда эса 2006 йилнинг ўзидаёқ ЯИМнинг 1000 АҚШ доллари энергетик ҳажми нефть эквивалентида бор-йўғи 150 кг.га тенг эди.

Энергетик ҳажм пасайиши, энергетик ташувчиларнинг мавжуд ҳажмини қўллаган ҳолда, янада кўпроқ ишлаб чиқиш мумкинлигидан дарак беради. Айнан шунга ҳам газ ва нефтни импорт қилаётган Германия Ўзбекистондагидан-да фаровон ҳаёт кечираётган мамлакатлар сирасида.

Яъни “яшил” иқтисодиёт амалий нуқтаи назардан арзон хомашё ва энергияни тўла ҳажмда қўллаш эвазига иқтисодий ўсиш демакдир.

Ресурслар танқис бўлганда

Ўзбекистон учун ресурсларнинг (айниқса ёқилғи-энергетика соҳасида) кескин танқис бўлиши, уларга бўлган мавжуд ва бўлғуси эҳтиёж билан солиштирганда, аллақачон воқеликка айланиб бўлган. Заҳирадаги газ ва нефть маҳсулотлари яқин 20-30 йилга етади, бу юқорида келтирилган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стартегиясида энг аҳамиятли далиллардан бири сифатида қайд этилган. Нефть заҳиралари деярли тугалланган, табиий газ эса инвестицияларни жамлаш ва асбоб-ускуналар импорти учун қимматли экспорт ресурсига айланиб қолган.

2030 йилга келиб, электр энергиясининг истеъмоли 112 млрд. кВт.с.ни ташкил этиши кутилмоқда (ҳозирги кўрсаткич - 64 млрд. кВт.с.). Технологик талафотларни ҳисобга олганда эса, 121 млрд. кВт.с. ишлаб чиқишга тўғри келади. Яқин 10 йилда электр энергиясининг истеъмоли деярли икки баравар ошади.

Табиийки, бундай вазифа фақатгина экстенсив усуллар ҳисобига ечим топа олмайди. Ўзбекистон бундай энергетик ташувчиларнинг заҳирасига ҳам эга эмас. Импорт, бу борада, ечим эмас.

Агар энергетик муаммо келгуси 10 йилда ҳал этилмаса, республика сурункали йўқчилик сари ҳаракатланади. Аҳолининг кўпчилиги ўзига республикадан ташқарида бошпана ва иш қидиришга тушади. Бундай таҳдид ва хавф билан юзма-юз тўқнашишга тўғри келади. Мамлакат раҳбарияти, назаримда, буни жуда яхши тушуниб етяпти.

Иссиқлик, шамол ва қуёшни бирлаштирганда

Бундай ҳолатда, Ўзбекистон президенти тасдиқлаган стратегияда ўз аксини топган “яшил” иқтисодиёт усулларигина қўл келиши мумкин. Талаб қилинадиганлар қаторида - биринчидан, энергетик сиғимни камида икки, яхшироғи эса уч баравар кисқартириш, яъни ЯИМдаги 1000 АҚШ долл. нефтдаги эквивалентда 160 кг.га тенг бўлади. Бу, ўз навбатида, чора-тадбирлар комплексининг ишлаб чиқилишини талаб қилади. Уларнинг энг муҳимлари қаторида иссиқлик электр станцияларини модернизациялаш, иссиқлик ва узатувчи тармоқларда электр энергиясининг йўқотилишини олдини олиш кабилар жой эгаллаши зарур.

Муҳим чора сифатида импорт қилинаётган ва қиммат бўлган нефть маҳсулотлари истеъмолини қисқартириш учун гибрид ёки тоза электрик автомобилларга ўтиш муҳим чора бўлиб хизмат қилади.

Иккинчидан, энергиянинг қайта тикланувчи манбаларини кенг жорий этиш. Режаларга кўра, 2030 йилга келиб қувват ортиши 30 ГВт ни (мавжуд 14,1 ГВтга нисбатан) ташкил этиши керак. Уларнинг 19 ГВт.си энг янги иссиқлик электр станцияларига, 5 ГВт – қуёш, 4 ГВт – ГЭС, 2,4 ГВт – АЭС ва 1,7 ГВт – шамол станцияларига тўғри келади. 2025 йилдаёқ Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган бутун қувватининг 19,7% ини энергиянинг қайта тикланувчи манбалари ташкил этиши керак.

Мавжуд электр станцияларини қайта таъмирлаш ва саноатни энергиянинг барқарор манбаси билан таъминлаш вазифалари бирламчи бўлгани сабаб, ҳозирча иссиқлик энергетикаси биринчи ўринда турибди. Қолаверса, шамол ва қуёш электр станциялари нотурғун ишлаб чиқаришга эга. Қувват истеъмоли кунлик ва мавсумий чўққиларга чиққан пайт, бутун энерготизимда иссиқлик станцияларига эҳтиёж сақланиб қолади.

Энг янги иссиқлик энергетикаси бўлмасдан туриб, кенг миқёсли шамол ва қуёш энергетикасига ўтиб бўлмайди.

Режалаштирилаётган АЭС ҳам янги энергия тизимида муҳим элемент бўлиб хизмат қилади. У иссиқлик электр станцияларига яқин бўлса-да, энергияни доимий равишда ишлаб чиқара олади ва йирик истеъмолчиларни таъминлаб тура олади. АЭС “яшил” электр станциясининг хусусиятларига эга: у қазилма ёқилғини талаб қилмайди, кислородни ёқмайди, карбонат ангидрид гази, азот оксидлари, сульфат диоксиди, тутун ва чангни атмосферага чиқармайди, ўзидан кейин кул терриконларини (конлардан чиққан яроқсиз жинслар уюми) қолдирмайди.

Ўзбекистонда шамол ва қуёш электр станциялари қурилмоқда, кремний элементларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилган. Агар энергетика марказий ўқини шакллантирувчи иссиқлик электр станциялари йирик истеъмолчиларни, бутунбошли шаҳарларни қувват билан таъминласа, қуёш ва шамол энергетикаси, биринчи ўринда, чекка ҳудудларда ривожлантирилади. Масалан, Бухоронинг Қоракўл туманида “Лукойл” компанияси томонидан газ қазиб чиқарилаётган Қандим конида 2016 йилнинг ўзидаёқ қуввати 1,2 МВт бўлган мобил қуёш электр станциялари ишга туширилганди. Қоракўл –қуп-қуруқ чўл бўлиб, қурилиш объекти яшаш жойлардан юз километр узоқдаги масофада жойлашган. Электр узатиш тармоқларини бу ергача чўзиб олиб келиш узоқ вақт олади ва қимматга тушади, иссиқлик электр станциясини эса ҳудудда ўткир сув танқислиги борлиги учун ҳам ташкиллаштириш имкони бўлмайди. Энергия бера оладиган жазирама қуёш билан шиддатли шамол эса бу ерда кўлу мўл.

Эҳтимол, турли хил чўлу биёбонларда жойлашган шамол электр станцияларига жиддий эътибор қаратиш керакдир. Улар Ўзбекистонда талайгина. Шамол салоҳияти ўлкада улкан бўлиб, у айрим баҳоларга кўра, 520 ГВт қувватга эга ва электр энергиянинг ҳажми триллион кВт.с.гача етиб боради. Ўзбекистонга ўзидаги энергетик муаммоларни ҳал қилиши учун ушбу салоҳиятининг 10%и кифоя қилар эди.

Одатий тарзда электр энергияси ва ёқилғи етишмовчилигидан азоб чекаётган қишлоқ жойларда ҳам аста-секинлик билан қуёш панеллари, иситгичлар, коллекторлар ҳамда шамол тегирмонлари жорий этилмоқда. Бундай объектлар алоҳида туманларда қувват етишмовчилигини қоплаб, тармоқлардаги муқаррар йўқотишлар билан боғлиқ ошиқча энергия узатишларидан воз кечилишига йўл қўярди. Натижада, қатор вилоятлардаги энерготизимларни такомиллаштириш имконияти вужудга келади.

Бутун турмуш тарзида ўзгаришлар

Қайта тикланувчи энергетика йирик иссиқлик станциялари (“ақлли” узатиш тармоқларини ташкил топтириш – бу ҳам “яшил” иқтисодиёт усулларининг қисми) билан бирлашган тарзда Ўзбекистоннинг одам яшамайдиган барча чекка жойлар ва қишлоқ туманларини қоплаганда, республикада ҳозиргидан-да самаралироқ янги электр энергетикасини вужудга келтиради. 

Электр энергетикаси соҳасида “яшил” иқтисодиёт жараёнини тахминан шундай ифодалаш мумкин. Юқорида қайд этилган стратегияда барча енгил ва барчага маълум чоралар ўз аксини топгандек гўё. Лекин улар амалда конкрет муаммоларни ечишда қўлланилса, тасаввур қилинг, қанчалик сезиларли ўзгаришларга олиб келиши мумкин?!. Мисол учун кимсасиз саҳролар катта қийматга эга бўла бошлайди: бу ерда йирик қуёш ҳамда шамол электр станцияларини қуриш мумкин, ва ишонинг, улар даштли ҳудудда ҳеч кимга ҳалақит ҳам қилмайди. Республиканинг иқтисодий жўғрофияси, турли туманларнинг аҳамияти, аҳоли турмуш тарзи ўзгара бошлайди. Илгари кўрилмаган, янги истиқболлар вужудга келади.

Менинг чуқур ишончимга кўра, бугунги кунда “яшил” иқтисодиётга ҳар кимдан-да кўпроқ Ўзбекистон муҳтож. Унинг самарали иқтисодий ривожланиши учун бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқ.

650