Қаҳрамон-итлар: тўрт оёқли дўстларнинг Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида

557
(Янгиланган 10:08 24.06.2020)
Итлар аскарлар билан бирга оч қолишган, хандақларда совуқ еган, танклар остига ўзини отиб, душман поездларини портлатган. Ҳайвонлар одамлар билан бир қаторда тиришқоқлик, жасорат ва қаҳрамонлик намойиш этиб, Ғалаба кунини яқинлаштирган.

ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Улуғ Ватан уруши фронтларида кечган жангларда аввал Қизил, кейин Совет Армияси таркибидаги ҳарбий қисмларда 70 мингга яқин итлар қатнашган. Улар аскарлар билан бирга оч қолишган, хандақларда совуқ еган ва ҳўл бўлган, танклар остига ўзини ташлаб, душман поездларини портлатган. Ҳайвонлар одамлар билан бир қаторда тиришқоқлик, жасорат ва қаҳрамонлик намойиш этиб, Ғалаба кунини яқинлаштирганлар.

Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган итлар ҳақида РИА Новости нашрига Россия кинология федерацияси (РКФ)да ҳикоя қилишди.

"Улуғ Ватан урушида итлар жасорат ва садоқат намоён этиб, одамларга бундайин мушкул пайтларда ёрдам бериб, аскарларнинг ишончли йўлдошларига айландилар. Қарийб 70 минг тўрт оёқли жангчилар Ватанимизни душманлардан ҳимоя қилди. Ҳайвонлар турли хил ишларни бажарардилар: улар миналарни қидирар, ярадорларга ёрдам беришар, алоқачи ва сапёрлар сифатида хизмат қилишар, баъзилари муҳим хабарлар ва ўқ-дориларни жанговар ҳаракатларнинг қоқ марказига етказиб берардилар. Бу итларнинг барчаси Улуғ Ватан урушининг чинакам қаҳрамонлари", - деди РКФ президенти Владимир Голубев РИА Новости билан кечган суҳбатда.

Уруш йилларида барча ҳарбий фронтларда 17та миначи-итлар батальони, 14та зирҳли техникаларни қирувчи-итлар отрядлари, 37та аравага қўшиладиган-итлар батальонлари, иккита махсус отряд ва тўртта алоқачи отрядлар ўқитилди ва шакллантирилди. Санитар-итлар ярадорларга медицина-сумкасини олиб келиб, уларни ўлимдан қутқарардилар.

Алоқачи-итлар уруш йилларида 200 мингдан ортиқ хабарларни етказдилар ва саккиз минг километрдан ортиқ телефон симларини узатдилар, мина изловчи итлар 15 153 километр ҳарбий йўлларни текширдилар. Итлар нафақат инсонлар ҳаётини сақлаб қолишар, балки ўз ҳаётини ҳам қурбон қилардилар. "Камиказе" итлари душманнинг 300 дан ортиқ зирҳли техникасини портлатдилар. Биринчи танк ит томонидан уруш бошланганидан бир ой ўтгач - 1941 йилнинг 27 июлида Рогачёв яқинида портлатилган.

Сапёр-ит

РКФда айтишларича, энг машҳур тўрт оёқли сапёр - Жолбарс бўлган. "Мина-қидирув хизматининг ҳақиқий профессионали", - дея таъриф беришади унга кинологлар.

Ит Чехословакия, Австрия, Руминия ва Венгрия ҳудудида 7 468та мина ва 150дан ортиқ снарядларни аниқлашга муваффақ бўлган. У Прагадаги қасрлар, Вена соборлари ва Дунай устидаги саройларни миналардан тозалашда иштирок этган.

"Ажойиб ҳид олиш хусусияти ва сезгирлиги туфайли сапёр овчаркалар Каневадаги Тарас Шевченко қабрида ва Киевдаги Владимир соборида миналарни зарарсизлантирдилар. 1945 йил 21 мартда Жолбарс "Жанговар хизматлари учун" медали билан тақдирланди, дейди РКФ вакили. 1945 йилнинг 24 июнида у Қизил майдондаги параднинг фахрий иштирокчисига айланди. Уруш охирида олинган жароҳатлар туфайли ит мустақил марш қила олмасди. Оёқлари бинтланган қаҳрамон-итни ўша пайтда мамлакатнинг бош кинологи, 37-сонли мина изловчилар алоҳида муҳандислик-батальони қўмондони, майор Александр Мазовер кўтариб борди.

Яна бир саппер ит - Cоллиэ Диcк. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида у Сталинград, Лисичанск, Прага ва бошқа шаҳарларни тозалашда қатнашган 12 мингдан ортиқ миналарни кашф этди. Энг машҳур жасорат - бу Павловск саройининг нажотидир. "Мукофот варақаларига ёзиб қўйилгандек" портлашдан бир соат олдин мен пойдеворга 2500 килограмм вақтли бомба топдим ", деди РКФ.

Павловск саройининг халоскори

Сапёр итларнинг яна бири - Дик лақабли колли. Улуғ Ватан уруши вақтида у Сталинград, Лисичанск, Прага ва бошқа шаҳарларни миналардан тозалашда иштирок этар экан, 12 мингдан ортиқ миналарни аниқлаган. Энг машҳур жасорати эса - Павловск саройининг қутқарилишидир. "Мукофот варақаларига ёзилишича портлашдан бир соат олдин фундамент остига кўмилган соат механизмли 2500 килограмм оғирликдаги бомбани аниқлаган", - дея ҳикоя қилиди РКФда.

Ғалабадан сўнг мина изловчи-қаҳрамон ўз эгасига қайтган ва олган кўплаб жароҳатларига қарамай, итлар кўргазмаларида бир неча борнг бир неча бор ғолиби бўлди. Ит узоқ умр кўрган ва ҳарбий шараф билан дафн этилган.

Биринчи диверсант-ит

Дина – Қизил Армиядаги биринчи диверсант-ит. У Беларусдаги "рельс" урушида иштирок этган. "Дина яқинлашиб келаётган немис ҳарбий эшелони олдига сакраб чиқар, зарядни юкни улоқтирар, тишлари ёрдамида олов олдирувчи капсюладан чекани тишлаб, юлиб олар, қирғоқдан тойиб тушар ва ўрмонга қараб югурарди", - дея ҳикоя қилишди кинологлар.

Муваффақиятли бажарилган топшириқлар туфайли душманнинг 10 та вагони йўқ қилинди ва темир йўлнинг кўп қисми ишдан чиқарилди. Кейинчалик, овчарка Дина икки марта Полоцк шаҳрининг миналардан тозаланишида иштирок этди. Германия госпиталларидан бирида ўтказилган операцияларнинг бирида ит матрасда яширилган "сюрприз-мина"ни топишга муваффақ бўлди.

Санитар-итлар

Аравага қўшилган итлар уруш давомида жанг майдонидан 650 мингдан ортиқ жароҳатланганларни олиб чиққанлар, шунингдек, улкан ҳажмда ўқ-дорилар, амунициялар, ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берганлар.

"Жанг майдонида ярадорларни қидириб ва ​​уларга ёрдам кўрсатган санитар-итларни аскарлар муносиб равишда "паҳмоқ фаришталар", дея атардилар. Улар ҳарбий санитарлар етиб бора олмайдиган жанг ҳудудларидан ярадорларни олиб чиқар, олган жароҳатларини ўзлари боғлай оладиган жангчиларга дори-дармонларни етказиб берар, биринчи ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган дорилар солинган кичикроқ рюкзакларни ўзларига ортиб юрар эдилар", - дея ҳикоя қилишди РКФда.

Шу тарзда, Бобик лақабли лайка ўзининг йўл бошловчиси Дмитрий Торохов билан 1 580 та ярадорларга ёрдам берган, яна бир ит - Мухтор эса - 400га яқин жангчиларга, шу жумладан, ўзининг йўл бошчиси бомба портлашидан сўнг контузия олган ефрейтор Зоринга ёрдам берган.

Бульба ва Рекс алоқада

Бульба лақабли ит фронтда алоқачи бўлиб ишлаган. Уруш вақтида у бир ярим мингга яқин хат-хабарларни манзилга етказган, юзлаб километр кабелларни ётқизган. Аммо ҳужжатлар ўрнига аскарлар учун жанг майдонларига ўқ-дорилар етказиб берган вақтлари ҳам бўлган. "Ноябрь ойининг изғирин кунларида Рекс қирғоқнинг бир томонидан иккинчи томонига муҳим ҳужжатларни етказиб бериш учун уч марта Днепрни сузиб ўтган эди. Фронт давридаги биографияси вақтида Рекс бир неча бор жароҳатланган, аммо ҳар сафар сафга қайтган", - дея ҳикоя қилишди кинологлар.

Тўрт оёқли "Штирлиц"

Туман лақабли афсонавий разведкачи-ит совет развед-отряди таркибида душман орқа томонида ҳаракат қилган. У ҳеч бир сассиз постда турган аскарни чалиб ағдаришни ва орқадан ҳалокатли тишлашни амалга ошира оларди.

Разведкачилардан яна бири – Жек. У ўзининг йўлбошчиси ефрейтор Новелла Кисагулов билан бутун урушни босиб ўтган. Улар биргаликда 12 марта немислар фронтининг орқа томонидан ҳаракатларга чиққанлар. Улар биргаликда тезкор ва муҳим маълумотларга эга бўлган 20 дан ортиқ душман офицерларини қўлга олишган. Кунларнинг бирида Жек ефрейторга Глогауда - гитлерчиларнинг энг муҳим таянч пункти саналган қадимий Ордер қалъасида ўта қимматли ҳарбий хизматчини асир олишга ёрдам берган.

557
Мавзу:
Ғалабанинг 75 йиллиги (59)
Замминистра высшего и среднего специального образования Узакбай Бегимкулов

Янги Ўзбекистон талабаси қандай бўлиши керак? ОЎМТВ вазир ўринбосари билан суҳбат

313
(Янгиланган 16:31 28.09.2020)
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Бегимқулов Sputnik нашрига берган интервьюсида рақамли университетга ўтиш, Ўзбекистонда нега хорижий ОТМлар филиаллари кўпаяётгани ва нега яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон олий таълим тизими шу кечаю-кундузда ўз тарихидаги энг йирик трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бу "ўтиш" жараёнида коронавирус пандемияси берган зарба, албатта, Ўзбекистон олий таълим тизимига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо қисқа муддатда ягона бирлашган онлайн-платформанинг ишга туширилиши ва республика бўйича энг яхши профессор-ўқитувчиларнинг онлайн-лекциялари талабалар эътиборига ҳавола қилиниши тизимни акс таъсирлардан ҳимоя қилди. Sputnik Ўзбекистон ХААга берган интервьюсида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов рақамли университетга ўтиш, ёшларнинг илмга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон нега ўз ҳудудида хорижий ОТМлар филиалларини кўпайтираётгани ва нима сабабдан энг яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Узоқбой Шоимқулович, Ўзбекистонда олий маълумотли ишсизлар ёки ўз эгаллаган касби бўйича эмас, бошқа соҳада ишлайдиган мутахассислар жуда кўп. Лекин бирор маротаба қайси соҳага қандай мутахассис керак, неча кишига талаб бор, эшитмадик. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни ким ўрганади? Рақобатбардош, турли ҳаётий ва маданий шароитларга мослашувчан профессионал кадрларни тарбиялаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда республикада?

- Хабарингиз бор, уч йил олдин - 2017 йилда, Муҳтарам Президентимизни "Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури" қабул қилинган эди. Мана шу дастурда олий таълим тизимини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Шулар орасида энг устувор йўналиш - бу ёшларимизни олий таълим билан қамровини ошириш эди. Таққослаш учун, 2016 йилда 9% битирувчиларда олий таълимда ўқишни давом эттириш имконияти бор эди. Бугунга келиб, 25%дан ошдик.

Охирги 4 йилда 47 та янги олий таълим муассасаси ташкил қилинди.

Одатда олий таълим муассасаларига қабул квоталари қандай шакллантирилади?

Аввалги Иқтисодиёт, ҳозирги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бевосита ҳудудлардан қанча ўқитувчи, қанча шифокор, қанча инженер ва ҳоказо соҳалар мутахассисларига бўлган талаб ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб тўплагач, қабул квоталарини биргаликда таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаймиз. Демак, кўриб турибсизки, ҳар бир ҳудуд ва соҳанинг истиқболли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўналишлари, устувор вазифаларидан келиб чиқиб қабул квоталари шакллантирилади.

Давлат буюртмаси, давлат гранти асосида таҳсил оладиган талабалар  йўлланма асосида ишга юборилади. Тўлов-контракт асосидаги битирувчиларга тавсияномалар берилади, улар шу асосда ишга жойлашишлари мумкин.

Рақобатбардош кадрларга келадиган бўлсак, биласизми, бизни қувонтирадигани - ҳозирги кунда иш берувчилар секин-аста ўз талабини қўйишни ўрганди. "Менга биргина болға урдирадиган эмас, бутун бошли автоматлаштирилган тизимларни ишлатадиган инженер керак", дейишади. Ўзи тараққиётни маълум бир даражасида иш берувчилар кириб келиши ва олий таълим мазмунини шакллантиришда иштирок этишлари шарт. Иш берувчи бизга буюртмачи бўлиши, у қўяётган малака ва билимга эга бўлиш учун мутахассис қайси фанларни ўқиши кераклигини эса биз белгилашимиз керак. Шу боис бугунги кундаги асосий талабимиз - талабаларда мустақил билим олиш кўникмасини ривожлантиришдан иборат. Технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Домланинг ўтган дарси билан кифояланмасдан, ўзи ҳам мустақил илм излайдиган талаба эртанги кунда яна қайта ўқиши керак бўлмайди. Асосий вазифамиз ёшларимизни янги билим-кўникмаларни мустақил эгаллашлари учун тайёрлашдан иборат. Ҳозирги олий таълим мазмунини мана шунга йўналтиришимиз керак.

- Мактабни битирган ўзбек ёшлари шу кечаю-кундузда қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдиришяпти?

- Ёшларимиз асосан, техника, IT- йўналишларини кўпроқ танлашаяпти. Жорий йил ОТМларга 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди. Деярли ҳамма муассасаларимизда абитуриентлар сони кескин ошди. Бир ўринга 30 та абитуриент даъвогарлик қилган йўналишлар ҳам бўлди. Энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширган ОТМлар бу СамДУ, ТерДУ, Урганч Давлат университети, ФарДУ, ЎзМУ, Тошкент Давлат техника университетлари бўлди.

Бу ёшларимизнинг олий таълимга бўлган ишончи ошаётганидан далолат беради. Билими борлари кираман деб ҳаракат қиляпти ва киряпти ҳам. Олий таълим муассасаларига боғлиқ бўлмаган шаффоф, очиқ қабул тизими яратилган.

Қабулни биз ўтказмаймиз, қолаверса, абитуриентларга бешта университетни танлаш имконияти берилган, демак, потенциал талабамни билмайман, минг хоҳлаганимдаям.

- Битирувчиларнинг аксарият қисми ўз эгаллаган соҳаси эмас, бошқа соҳада ишлашади. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Битирувчининг ишга жойлашиши жуда кўп факторларга боғлиқ - ишхонасининг уйидан узоқлиги, ёки оилавий шароити, буни ҳам инобатга олиш керак.

Фикрим, олий маълумот олдими, шу соҳани мутахассисими, демак олган фундаменти битирувчига бошқа соҳаларда ҳам ўзини кўрсатишига имконият беради.  Бу, албатта, яхши.

Аммо яна бир масала бор. Олий таълимга ёшларни тайёрлашда оила муҳим роль ўйнайди. Олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриент жуда кам ҳолатларда аниқ мақсад билан "олдиндан ўша йўналишга кираман, шу соҳани эгаллайман", дейди. Бола ўқитувчи бўлишга қизиқади, лекин ота-онаси ўз фарзандининг ё прокурор ё иқтисодчи бўлишини хоҳлайди. Натижада бола иқтисод бўйича ўқийди, лекин ундан иқтисодчи чиқмайди. Вақт ўтиб у ўқишини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ёки бўлмаса олий таълимга кирсам бўлди, деган мазмунда ҳужжат топширишади. Жорий йилнинг ўзида 30 мингга яқин ёшлар ўқишини кўчириш учун ариза топширган. Улар ичида 15 мингдан ортиғи ўз таълим йўналишларини ўзгартиришни хоҳлашган. Буни олдиндан мақсадли кириш эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёки бўлмаса бу йил иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширганлар сони олдинги йилларга нисбатан 4 марта кўп. Бу дегани биринчи дипломга эга, лекин ўзини соҳасида ишламаяпти. Мана шундай ҳолатлардан билишимиз мумкинки, болада у олий таълимга келишидан олдин ўша соҳа бўйича қизиқишни оилада ва мактабда уйғотиш керак. Бола мана шу соҳани аниқ эгаллайман, деган мақсад билан ОТМга келиши керак. Бундай тоифадаги талабалар ҳеч қачон ўқишини кўчирмайди ёки иккинчи олийни ўқимайди. Бакалавр дипломи билан ҳам ўзини соҳасида юқори натижаларга эришади.

- Мактаблар билан бу борада қандайдир ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

- Ҳозирда шундай ҳамкорлик бошланган. Олий таълим муассасалари кимё, биология ва математика йўналишидаги мактабларга бириктириляпти. Демак ОТМ бўлажак талабасини ўша бириктирилган мактабдан қидиради - фан олимпиадаларини туманлар, мактаблар кесимида ўзи ўтказиб, кадрларни саралаб олади. Бундан ташқари, ОТМдаги етук олим-профессорларнинг мактабларга бориб семинар, мастер-класслар ўтказиб, маърузалар ўқийдиган селекцияга ўхшаш бир тизимни жорий қиляпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, бу йил техникумлар ташкил этилди. Масалан, Транспорт техникумини битирган ёшлар Транспорт университетига киришда иккинчи курсдан суҳбат асосида қабул қилиниб, ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўляпти. Буям кадрлар селекциясининг бир шакли.

- Коронавирус пандемияси  ва таълим мавзусига ўтсак. Март ойининг ярмидан Ўзбекистонда мамлакат миқёсида карантин жорий этилди. Бир вақтнинг ўзида ОТМлар масофавий таълимга ўтганини кузатдик. Онлайн-ўқиш таълим сифатини тушириб юбормадими? Ва умуман, масовафий таълим келажагини қандай кўрасиз?

- Биласизми, бугунги кунда энг аввало таълимдаги муҳит трансформацияга учрамоқда. Ҳозир ўқитувчининг вазифаси ўзгаряпти. У энди бир томонлама билим узатувчи эмас, балки талабани билим олиш фаолиятига йўналтирувчи сифатида янги мақомда иш юритиши керак. Шу нуқтаи-назардан аудиториядаги дарснинг ўрни беқиёс. Тўғри таъкидладингиз, биз 1 апрелдан масофавий таълимга ўтдик, лекин бу жараёнда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик. Биринчидан: ўқитувчиларимизнинг тайёргарлик даражаси. Янги форматда иш юритиш услуби аксарият ўқитувчиларни довдиратиб қўйди. Иккинчидан, талабаларимиз бундай форматда билим олишга тайёр эмасликлари маълум бўлди. Қарс икки қўлдан чиқиши керак – ОТМ тегишли шароит яратиб бериши керак. Талабаларда эса шундай форматда билим олишга мотивация кучли бўлиши лозим. Яна бир томони – техник муаммолар бўлди. Ҳамма узоқ ҳудудларимизда ҳам яратилган ресурслардан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас эди, тахминан 402 минг нафар талабадан 30 мингида( 8%и) турли сабабларга кўра, интернетга уланиш имкони йўқ эди.

Вазирлигимиз пандемия шароитида қисқа вақтда ҳар бир олий таълим муассасаси масофавий таълим платформаларини ягона платформага бирлаштирди. Яъни, дейлик, физика фанини Миллий университет ҳам ўқитади, Қашқадарё ОТМси ҳам. Талабага ўқув материалини танлаш имкониятини яратдик: унга қайси ресурс маъқул бўлган бўлса, кириб ўшани ўқиш имкониятини бердик. Шу тарзда, ОТМларнинг таълим ресурсларини бирлаштириш орқали биз бу жараёндан ўтдик.

Масофавий таълим яхши, аммо буни учун талабаларда мустақил билим олиш, креатив салоҳият малакасини ривожлантириш керак. Шундагина кейинги глобал ривожланиш, глобал тараққиётда ўз ўрнини йўқотиб қўймайдиган, керакли пайтда зарур билимни олиб, ўзида зарур кўникмани шакллантирадиган мутахассис бўлади. Мени ўйлашимча, келажакда албатта анъанавий таълим билан масофавий таълимни уйғунлиги бўлиши керак.

Албатта, бу дастлабки қадам эди, биз бу нарсага биз 100 фоиз тайёр эдик, деб айтолмайман.

Давлат дастурида шу йил учта ОТМ: Тошкент давлат юридик университети, ТАТУ ва Тошкент давлат педагогика университетида масофавий таълимни тажриба сифатида жорий этиш белгиланган.

Чунки ҳамма таълим йўналишида ҳам масофавий таълимни жорий этиб бўлмайди. Дейлик, инженер ёки шифокорлик йўналишида. Бундай шароитда маълум бир қисм фанларни онлайн-форматга ўтказамиз, бироқ амалиётда ўтиши лозим бўлган - қўл билан бажариладиган ишлар ҳам бор, уларни  масофавийга ўтказа олмаймиз.

Шунингдек, сиртқи таълимда аралаш технологияларни жорий қилдик. Мана, шу йилдан 35та ОТМда кредит-модуль тизимига ўтдик. Бунинг маъноси нима? Дейлик врач беморни қабул қилганида, у билан мулоқотда бўлади. Бунинг учун у психологияни билиши, унда нутқ маданияти бўлиши, ўзини соҳаси бўйича касаллик белгиларини айтиб бера оладиган бўлиши керак. Мана шу кўникмаларни битта гуруҳ қиламиз – дейлик, мулоқот компетенцияси. Бу компетенция учун бўлажак шифокор учта фанни ўқийди - бу фанлар гуруҳланиб битта модул бўлади ва мана шунга кредит берилади.

Кредит-модул тизими амалий кўникмани ривожлантиришга қаратилган таълим жараёни бўлади ва мустақил таълим методикаларини қўллашни кенгайтиришни тақазо этади. Агар талаба шу компетенцияга эга бўлмаса, унда пробел бўлади, демак у тўлиқ мутахассис бўлолмайди.

- Ўзбекистонда чет эл ОТМлари филиаллари сони кескин ортди. Охирги 3 йилда 15та хорижий филиаллар ташкил қилинди. Бу нима учун керак?

- Хорижий филиаллар сони шунчаки кўпаяётгани йўқ. Яқин-яқингача Ўзбекистонни дунёнинг географик харитасида билишмас эди. Мана энди Янги Ўзбекистон сифатида дунёга таниляпмиз, Ўзбекистон олий таълим тизимини ҳам жаҳонга танитишимиз керак.

Битирувчиларимизни сифати бизни ишимизга баҳо беради. Шундай экан, хорижий филиаллар сони оширилиши билан биринчи навбатда илғор таълим технологиялари ҳам мамлакатимизга кириб келяпти. Москва Давлат Университети, Американинг Вебстер Университети, МИСиС – ахир булар ўз соҳаси бўйича етакчи таълим муассасалари.

Ҳар қандай ОТМ даражаси - бу илмий даражали ўқитувчилар улуши ёки хориждан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар сони билан ўлчанади. Хорижий ОТМлар филиалларининг ташкил этилиши, хорижий етакчи университетлар билан қўшма дастурлар - Ўзбекистон олий таълими тизимининг ичида рақобатни шакллантиради. Бу ниҳоятда зарур - рақобат бўлмаса, ривожланиш бўлмайди.

Ҳозирда 22та давлатдан 104та таълим йўналиши бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйганмиз.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда ОТМларнинг илмий салоҳияти охирги 3 йилда ҳар йили 3%дан ортяпти. Йигирма йилда очиғи, бу кўрсаткич йилдан йилга пасайиб бориб, пасайиш 2017 йилда биринчи маротаба тўхтатилган эди.

-  Қўшма дастурлар туфайли яхши мутахассисларнинг чет элга кетиб қолиши, русча айтганда "кадровая утечка" деган бир ҳолат юзага келиб қолмайдими, нима дейсиз?

- Бизнинг бугунги кундаги барча ҳаракатларимиз етук малакали битирувчиларни тайёрлашга қаратилган. Аввало ўзбекона менталитетга хос - уйидан узоққа ҳеч қаерга кетиб қолмайди. Хорижга бориб ишлаб, маълум вақтдан кейин тажриба орттириб қайтиб келса, бу ҳам яхши. Нима қилибди, нега биз буни чегаралашимиз керак? Ватанига хизмат қилиш ҳисси қалбида йўқолмаса бўлди.

- Ўзбекистон ёшларининг олимликка қизиқиши қай даражада? Ёш олимларни қандай қўллаб-қувватлайсизлар?

- Бугунги кундаги асосий ишларимиздан бири ёш олимларни илмий-тадқиқотчилик фаолиятига кенг жалб қилишга қаратилган. Докторантурага қабул квоталари 3 баробар ошди. Кириш учун битта ўринга 4-5тадан даъвогар тўғри келяпти.

Ўтган йили магистратурага 7695 та ўрин берилган ва 22 мингдан зиёд ариза тушган эди. Бу йил 10 425 та жой ажратилди, 74 мингдан ортиқ ариза тушди.

Ёшларнинг илмга қизиқиши ортмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга кескин эътибор бериш бошланди. Уларга уй-жой, машина олиш учун кредитлар берилмоқда.

- ОТМлардаги бошқарув жамоалари кўпинча сизлар, яъни вазирликдан "буйруқ" келишини кутиб ўтиришади.

- Саволингиз тушунарли. Биз икки йил олдин олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берганмиз. Яъни ўқув жараёни мазмунини, ўқув режаларингни иш берувчилар талаблари, халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзларинг ҳал қилинглар, деганмиз. Биз ҳозирда фақатгина умумий стратегияни белгилаб беряпмиз.

Мана, ўнта ОТМ бу йил молиявий мустақилликка ўтди, лекин афсуски, ҳали ҳам нима қилишни кутиб ўтириш ҳолатлари йўқ эмас. Уларни дунёқарашини ўзгартиришимиз керак.

- Шу йилдаги режалар қандай?

- Режалар бисёр. Олий таълимни бошқаришнинг ахборот тизимларини жорий қиляпмиз. Вазирлик рақамли форматга ўтаяпти. АКТни жорий этиш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаймиз. Университетларни рақамли форматга ўтказиш ишларини босқичма-босқич давом эттирамиз.

Илмий фаолиятни ривожлантиришмиз керак. Шу учун замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантиришга ҳаракатдамиз: бу ОТМлар қошидаги технопарклардир. Хориждан 112 та замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари олиб келинди, 7 та олий таълим муассасалараро илмий тадқиқот лабораторияларини ташкил қиляпмиз.

Бугунги кунда бизга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Ҳамма ҳаракатларимиз ёшларга сифатли таълим беришга қаратилган ва бунга эришамиз.

313
Президент Франции Эммануэль Макрон стоит в ожидании президента Узбекистана Шавката Мирзиеева перед встречей в Елисейском дворце в Париже во вторник, Октябрь. 9, 2018

Ишончдан чиқди: Макрон нега Путин билан суҳбатини матбуотга сиздирди

1489
(Янгиланган 19:44 26.09.2020)
Икки президент ўртасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилотлари шу ҳафтада Le Monde нашрида эълон қилинди. Франция президенти Макрон Владимир Путин билан муносабатларда "Меркель лаҳзасини" бошидан кечирмоқда, дея изоҳ беради бунга европа матбуоти

Петр Акопов

Франция президенти Макрон Владимир Путин билан муносабатларда ўзининг "Меркель лаҳзаси"ни бошидан кечирди, дея ишонтирмоқда европа матбуоти. Гап 14 сентябр куни икки президент ўртасида бўлиб ўтган суҳбат, — аниқроғи, мулоқотнинг Алексей Навальныйнинг ғалати заҳарланишига тегишли қисми ҳақида бормоқда. Суҳбат тафсилотлари шу ҳафта Le Monde нашрида пайдо бўлди — аммо аввалига "Меркель лаҳзаси" нима эканлигини ёдга олсак.

2014 йилнинг иккинчи март санасида немис канцлери Украина ва Қримдаги тўнтаришдан кейин юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун Владимир Путинга қўнғироқ қилди. Меркель, табиийки, Майдан ғалабасини тўнтариш дея ҳисобламас эди - уни фақатгина Мустақил Украинадан ажралиб чиқишни истаётган Қримни Россия ўзига қайтариб олиши мумкинлиги масаласи ташвишга соларди.

Путиннинг нима дегани аниқ аён эмас (аммо Россия президенти Меркельга Европа Киев тўнтаришига реакция қилмаётгани борасида ўзининг кескин норозилигини билдирган бўлишини тахмин қилиш мумкин), бироқ у билан суҳбатдан сўнг Меркель Барак Обама билан боғланди ва америка президентига "Путиннинг реалликни адекват идрок қилишидан шубҳадалигини" ва умуман "Путин бошқа дунёда яшаётгани" ҳақида сўзлаб берди. Суҳбатнинг ушбу тафсилотлари The New York Timesда чоп этилди — яъни маълумот Оқ уйдан чиққан эди. Немис амалдорлари кейинчалик америка газетасидаги хабарни Меркель бу каби гапларни айтмаган, дея норасмий тарзда рад этган бўлсаларда, канцлернинг бу жумласи тарихда қолди.

Ғарб учун "Меркель лаҳзаси" — бу реалликдан узилган Путин билан тўқнашувни англатади. Энди кўриниб турибдики, навбат Макронга келди: Libération нашри ёзишича, "Эммануэль Макрон ўтган ҳафтада "дунёдан узилган, фил суягидан ясалган қасридан чиқмайдиган ва шахсий ташвиқотидан сармаст Владимир Путинни кўриб" ўзининг "Меркель лаҳзаси"ни бошдан кечирди. Ёки бўлмаса, очиқчасига ҳеч нарса ҳақиқиймас ва ҳамма нарса мумкин дея, сиёсий сурбетликнинг янги даражасига кўтарилди.

Аслида нима рўй берди? Гап шундаки, худди 2014-йилдаги каби махфий суҳбат мазмуни оммага эълон қилинди, аммо ўша вақтда гап Меркель Путин ҳақида Обамага нима дегани ҳақида борган бўлса, шу кунларда рўй берган ҳолатда шахсан Путиннинг суҳбати оқизмасдан такрорланган эди. Путиннинг Макрон билан суҳбати мазмуни аллақандай тарзда Le Monde нашрига етказилди: гап Беларус, Украина, Ливия ҳақида борган. Аммо мақола бош мавзуси сифатида негадир Навальный кўрсатилган эди.

Газетанинг ёзишича, Путин Навальный ҳақида "беписандлик" билан гапирган ва уни "оддий интернетдаги осудалик бузғунчиси", дея атаган, у гўё ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйган ва ўзи томонидан яратилган Коррупцияга қарши кураш фондидан амалдорлар ва депутатларни шантаж қилиш учун фойдаланган. Путин гўёки Макронга Навальный бундан аввал ҳам муғомбирларча ўзини турли касалликларга солганлигини айтиб, "оғуни ҳам ўзи қабул қилган" бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган (нима сабабданлигини айтмаган). Бундан ташқари, Путин, "Новичок" ҳамма гапираётгани каби у қадар мураккаб модда эмаслиги, унинг қўлланилгани, умуман олганда, ўз тасдиғини топмаганини таъкидлаган. Россияда федерал тергов олиб борилмаганини эса "француз ва немис экспертларининг россиялик ҳамкасблар билан маълумотни бўлишишни истамасликлари" билан далиллаган. Бундан ташқари, Путин, "бошқа, масалан, айни вақтда "Новичок" ихтирочиси яшаётган Латвияга олиб бораётган изларни кўриб чиқиш имкониятлари ҳақида гапирган". Моддани ишлаб чиқишда бир неча совет олимлари иштирок этишган бўлиб, улардан бирининг чет элда бўлиши, уни ишлаб чиқариш имкони борлигини англатмайди, чунончи бунга арзирли сабаб бўлмаганини ҳисобга олганда.

Le Monde нашри Путиндан эринмай иқтибослар келтирган, аммо гап Макронга келганида, бу сўзамолликдан асар ҳам йўқ: "Макрон "Новичок" хусусий ташкилот томонидан ишлатилган бўлиши мумкин эмаслиги айтди ва ушбу ҳолат расмий тушунтиришларни талаб қилишини таъкидлади. <...> Эммануэль Макрон, ўз навбатида, дарҳол "латвия изи" ва оғуни Навальный ўзи қабул қилгани ҳақидаги таъкидларни рад этди".

Суҳбат чоп этилганидан сўнг, унинг мазмуни, қолаверса, махфий мулоқотнинг эълон қилингани сабабли жанжал авж олди. Le Monde ҳикоясида нима рост, нима йўқ, текширишнинг имкони йўқ. Кремль шу пайтнинг ўзида эълон қилган муносабатида "газета жумлаларни аниқ ёзмагани" ҳақида маълум қилди, энг асосийси эса, "газета бу мулоқотни аниқ, дея айта олмаслиги ҳам рост, ахир акс ҳолда, бу француз шерикларимиз икки президент суҳбатини онгли равишда бўлишганини, бу эса дипломатик амалиётга тўғри келмаслигини", таъкидлади. Россия президенти матбуот-котиби ҳатто нодипломатик тилга ўтди: "Биз, Елисей саройи онгли равишда икки президент суҳбатини, русча айтганда, матбуотга сиздирганига ишона олмаймиз. Ахир бу Франция. Франция бундай ишга қўл уролмайди".

Афсуски, қўл ура олади. Гарчи Франция ТИВ сал кейин "махфий ҳужжатларнинг ҳар қандай ички утечкасига йўл қўйилмаслиги" ва Le Monde даги мақола юзасидан "тергов олиб борилаётгани", ҳақида баёнот берган бўлсада, аммо мулоқот мазмуни айнан Елисей саройидан матбуотга сиздирилгани борасида деярли шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Ва бу иш катта эҳтимол билан айнан Макрон ташаббуси билан амалга оширилган. Ахир у Le Mondeда мақола эълон қилинган куни БМТ Бош Ассамблеясида олдиндан ёзилган нутқи билан чиқиш қилар экан, Франция "кимёвий қуролнинг - Европа, Россия ва Сурияда қўлланилишига тоқат қилмаслиги" ҳақида гапирди ва Россия "нерв-фалаж "Новичок" моддасини қўллаш орқали Россия сиёсий муҳолифатчига суъиқасдни амалга оширишга уриниш ҳодисасига ойдинлик киритиши. Бу ишни, у "тез ва бенуқсон" амалга ошириши кераклиги, сабаби, французлар "улар томонидан ўрнатилган "қизил чизиқлар"га амал қилинишига астойдил уринишларини" қўшимча қилди.

Макрон Путинга ҳужум қилмоқда — бу сингари сиздиришлар орқали эса, камига, ўрталарида бўлган ишонч қолдиқларини ҳам йўқ қилмоқда. Яъни, худди Меркель сингари ҳаракат қилмоқда, - ҳақиқий, бу сафар Путинга нисбатан "Меркель лаҳзаси" ҳам шунда ифодаланади. Бизнинг президент худди 2014 йилда Меркель ва Обама ўз сўзлари устидан чиқишмасликларига амин бўлгани сингари - Макрон билан ҳам очиқ гаплашиш мумкинмаслигига ишонч ҳосил қилди.

Олти йил олдин, Путин Ғарб раҳбарлари ундан Януковични Майдан раҳбарлари билан конституциявий ислоҳотлар ва муддатидан олдинги сайловлар тўғрисида битим имзолашга кўндиришни сўраганликлари ҳақида кўп маротаба ҳикоя қилган эди. Оқибатда, ушбу битим Германия, Франция ва Польша вакиллари иштирокида имзоланади. Орадан икки кун ўтиб келишув бузилади: Олий рада Януковични ҳокимиятдан четлатади, Ғарб эса ўзини ҳеч қандай битим бўлмаган ва ҳеч қандай тўнтариш рўй бермагандек тутади. Яъни Россияга ўз ҳақиқатини ўтказишга ҳаракат қилади — бу реалликда Украина евроинтеграллашув ва атлантизацияга йўлиқтирилиши лозим эди.

Президент Украины Владимир Зеленский во время визита в Донбасс
CC BY 4.0 / Администрация Президента Украины

Русларнинг ўз тарихи ва реаллик ҳақидаги тасаввури табиийки, бошқача эди — Қрим ҳам, Ғарб билан кейинги конфронтация ҳам шундан аслида. Меркель ва Путиннинг реаллик ҳақидаги тасаввурлари фарқланади — худди ўз атрофида ягона Европани тўплаш бўйича немис режаси ва русларнинг постсовет майдонига реинтеграцияси, тарихий Россиянинг ўз атрофида (Малороссия - Украина ҳақида гапирмаган тақдирда ҳам) рус ҳудудларини тўплаши режаси фарқлангани сингари. Россия ўз келажагини ўзи ҳал қилади - ва "европа танлови", "демократия" ва "реалликни тан олиш" сингари гаплар билан ўзининг ғарбий ерларини олиб кетишга қаршилик кўрсатаверади.

Орадан олти йил ўтгач Россиядан Навальнийни заҳарлаганлик учун тазарру қилишни талаб қилишмоқда - камига кимёвий қуролни қўллаш йўли билан. Аммо бунга жавобан Москва "Новичок" моддаси ҳақида ҳайқиришга асос бўлаётган экспертиза маълумотларини кўрсатишни талаб қилса - биз сизсиз ҳам ҳаммасини аниқлаб бўлдик, сизнинг ишингиз ўз айбингизни тан олиб, тавба қилиш, дегандек, уни гўёки эшитмаганга олишяпти. Украина билан ҳам худди шундай бўлган, ҳеч қандай тинчлик ҳам йўқ, ҳатто Янукович ҳам, энди фақат Турчинов ва Яценюк бор, улар Украинани евроинтеграллашув сари етакламоқда, сиз эса ўзингизнинг Москвангизда ўтиринг ва қимирламанг.

Навальнийнинг заҳарланиши воқеасидан Россияга очиқ босим ўтказиш ва Европа-Россия алоқаларига путур етказиш учун фойдаланилмоқда — ўйин ошкора қаллоблик ва сурбетларча олиб борилмоқда. Шу билан бирга европалик етакчилар ўз оммавий баёнотларида қатъиян чекланганлар — энди улар "Новичок" ишлатилганидан шубҳа қила олмайдилар — ахир бу "исботланганку", қолаверса "Путин ҳар доим шундай йўл тутади". Табиийки, Макрон, худди Меркель сингари Путиннинг заҳарланишга алоқадорлигига ишонмайди — аммо иккаласи ҳам Навальнийни "Кремльний аллақандай кўнгилли ёрдамчилари" ўлдиришга уринганини айтади. Шу боис, Путин уларга Россия-Европа муносабатларини қутқаришга ёрдам беришларини исташмоқда - бунинг учун Путин Россия айбини тан олиши, воқеага аниқлик киритиб, айбдорларни жазолаши лозим. Аммо нимада айбдорларни? Кимёвий қуролдан фойдаланганликдами? Аммо бу россиялик врачлар томонидан ўз тасдиғини топмаган ва Ғарб томонидан бўлаётган асоссиз айбловлардир. Айнан шу учун Путин заҳарлаш билан боғлиқ воқеага фитнага қарагандек қарайди - гарчи ҳали у ким томонидан амалга оширилгани тушунарсиз бўлиб турган бўлсада. Ва бу ҳақда Макронга айтади - турли версияларни тилга олган ҳолда. Яъни, бунда Путиннинг ҳақиқати Макрондаги "Новичок"нинг аниқ аниқлангани" сингари ҳақиқатидан ҳаққонийроқ кўринишга эга. Кимёвий қуролдан фойдаланиш? Ҳа, албатта, Суриядаги фитналар ҳали эсимиздан чиқмаган — ғарб разведкасига алоқадор бўлган "Оқ каскалар" Асад томонидан кимёвий қурол қўлланилгани ҳақида ноғора чалган ва кейинчалик бу ғарб томонидан ташкиллатирилган постановкалар эканлиги очиқланган эди.

Макрон раҳбарлигидаги Франция Европада етакчи позицияга интилмоқда — қолаверса, Россия билан муносабатларда ҳам ёш президент атлантик қопқондан чиқишга уринган эди. 2017-йилнинг май ойида, лавозимга киришганидан атиги икки ҳафта ўтиб, у Владимир Путинни Версалда қабул қилди — шундан кейин ҳам кўплаб маротаба Европа учун Россия билан муносабатлар қанчалик муҳимлиги ҳақида такрорлаб, бу муносабатларни ривожлантиришга даъват қилиб келди. "Мулоқот зарур, агар ирода бўлса, кўплаб нарсаларни ўзгартириш мумкин", - бу Макронга тегишли сўзлар. Эммануэлда ирода мавжудлиги борасида Кремлда бундан олдин ҳам гумон бўлган, аммо мулоқот ҳам энг камида жимитдек ишонч бор бўлсагина амалга ошиши мумкин — матбуотга Путин билан бўлган суҳбатини сиздириб эса, Макрон ўша ишончнинг қотган-қутганини ҳам йўқ қилмоқда. Бу виждонсизликми? Ҳа, аммо асосийси - ўта калтабинлик.

1489

Арипов: Тожикистон билан ўзаро товар айланмасини 1 млрд $ га етказиш имкониятига эгамиз

20
Ўзбекистон бош вазири яқин йилларда Тожикистон билан ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилганини маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Душанбе шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди.

Ҳар икки давлат делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида Абдулла Арипов иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасида борасида сўз юритди.

“Биздаги статистикага кўра сўнгги уч йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари икки ярим баробарга ошди. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради”, - деди Арипов.

Ариповнинг сўзларига кўра, жорий йилда пандемия туфайли Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш пасайди, аммо фақат Тожикистон билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ошиб, 317 миллион долларни ташкил этди.

“Яқин йилларда олдимизга қўйилган вазифа — ўзаро товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш имкониятига эгамиз”, - деди бош вазир.

Ушбу мақсадда бозорларга зарур ва талаб юқори бўлган маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, савдо-сотиқдаги турли тўсиқларни олиб ташлаш ва қулай шароитлар яратиш, биргаликда юқори қўшилган қиймат занжирини ташкил этиб, учинчи давлатларга экспортни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-саноат палаталари ҳамкорликни кучайтиришга келишди

Абдулла Арипов ишчи ташриф билан Тожикистонда бўлиб турибди. Ташриф кун тартибида Ҳукуматлараро комиссиянинг Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 7-йиғилиши бўлиб ўтиши ҳамда Ўзбекистон – Тожикистон ишбилармонлари бизнес-форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишини ўтказиш кўзда тутилган.

20