Лукашенко нега тез орада ўз хатосини тўғрилайди?

1093
(Янгиланган 08:30 05.08.2020)
Беларус ҳукумати томонидан 9 августга белгиланган президент сайловлари вақтида тартибсизликлар уюштиришни режалаштирганликда гумон қилинган 33 нафар Россия фуқаросининг Минск яқинида ҳибсга олинганига ҳам бир ҳафта бўлиб қолди

Петр Акопов

Рўй бераётган воқеалар ҳеч қандай қолипга сиғмайди - Россия ва Беларусь ўртасидаги қардошлик алоқалари икки мамлакат халқлари ва уларнинг раҳбарлари томонидан юқори баҳоланади. Лукашенко сайловларнинг биринчи босқичидаёқ олтинчи марта президент этиб қайта сайланишига шубҳа йўқ, шундай экан, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамлигини синаётган ва Лукашенконинг Россияга бўлган ишончига раҳна солаётган бу ғалати воқеа кимга ва нима учун керак бўлди?

Шу нарсага дарҳол аниқлик киритиш лозим-ки: Путин Лукашенкони ағдаришга уринганига ҳеч ким ишонмайди. Икки етакчининг ўзаро йигирма йиллик муносабатлари (улар бир-бирларини бундан ҳам олдинроқ танишган), икки давлат ўртасидаги алоқаларни тилга олмаган ҳолда, бу борадаги тахминлар ҳатто мутлақо бемаъни эканлигидан дарак беради. Худди шу тарзда, Россия ҳукуматини аллақандай йўл, хусусан, куч ишлатиш орқали, Беларус ҳукуматини алмаштиришга ёрдам беришда гумонлаш учун ҳам ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Яъни, Минск бир гуруҳ Россия ХҲК вакилларининг Беларусда бўлиши транзит характерга эга эканлиги ҳақидаги тушунтиришларга ишонмаслигига қарамай, режалаштирилган бузғунчилик ҳаракатлари борасида ишонарли версияни ўйлаб топиш ҳам уларнинг қўлидан келганича йўқ.

Минск тахминига кўра, улар мухолифатдаги президентликка номзодлардан бири - Светлана Тихановская штабига алоқадор бўлиши мумкин, бироқ ҳеч қандай тафсилотлар келтирилмаяпти. Бунинг ажабланарли томони ҳам йўқ: сабаби, бундай алоқа мутлақо ақл бовар қилмас кўринишга эга. Тихановская Россияда куч тузилмалари ёки уларга яқин тузилмалар томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин эмас, ҳар қандай хусусий ҳарбий компания ёки шунга ўхшаш ташкилотлар эса куч тузилмалари томонидан ўта яқиндан назорат қилинади.

Қолаверса, Минскда 33 ёки ҳатто 200 (беларус ҳукумати сўзларига кўра, Россиядан тахминан шунча киши республика ҳудудига ташланиши режалаштирилган) одамнинг нима кераги бор? Улар нима қилиши керак эди? Давлат тўнтаришини уюштиришими? Оммавий тартибсизликларни юзага келтиришими?

Айрим беларус сиёсатчилари охиргисига шама қилмоқда.

Уларнинг версиясига кўра, Москва Лукашенкони заифлаштиришни, унинг қайта сайланиши қонунийлигини пасайтиришни жуда хоҳлайди ва бу учун Беларусда тартибсизликларни қўзғашга қарор қилган. Россиялик меҳмонлар эса республика ҳудудига ташланишидан олдин ва ундан сўнг дарҳол худди шу иш билан шуғулланишлари лозим. Нега десангиз, Лукашенкога радикал оппозиция орасида чинакам тўполончилари кам - куч тузилмаларини оммавий норозиликларни қон билан бостиришга турткилайдиганларнинг ўзи йўқ:

"Кремл фақатгина Лукашенкони заифлаштиришни, уни янада итоаткор ва муомалага кўнадиган қилишни, унга манёвр учун майдонни чеклашни хоҳламоқда. Москва фикрига кўра, бунга давлат раҳбарининг қайта сайланишини қонунийлигини пасайтириш ва Ғарб билан муносабатларни ёмонлаштириш орқали эришиш мумкин. Бунинг учун ОМОНчилар сайловлардан олдин ва кейин имкон қадар қонли йўл билан, идеалида эса қурбонлар билан намойишчиларни қувиб солишлари керак бўлади. <…> Айнан шу фитначилар роли учун ҳам вагнерчиларни олиб келишган. Тахминларга кўра, фитначилар ҳуқуқ-тартибот органларига тегажоғлиқ қилишади, ўртадаги тўполонга тез орада уларболаку деб аталмиш маҳаллий норозичилар қўшилади, сўнгра, фитначилар бошқаларга билдирмай майдонни тарк этади.

Беларус куч тузилмалари ва махсус хизматларининг вазифаси эса - ушбу сценарийларни олдини олиш ва чет эл таъсиридаги агентларни нейтраллашдан иборат.

Бу ҳозирги кунга қадар у ёки бу маънода энг изчил беларус версиясидир. Шу ўринда кичик бир савол туғилади: Россия мунтазам равишда "рангли инқилоблар"га қарши чиқади ва кутилмаганда, Лукашенкони дискредитация қилишга қаратилган ғалати операцияси билан шахсан ўзи унинг Беларусда амалга ошишига имкониятни оз бўлса-да, кучайтирмаяптими?

Ва энг муҳими - Москвага умуман олганда Лукашенкони заифлаштириш нимага керак (айниқса, бундай усуллар билан)? Қанақасига нега, ахир у Ғарбга қараб кетмоқда-ку, дейиш мумкин, тинимсиз шу гапни такрорлайдиган қўриқчиларимиз гапидан иқтибос келтирган ҳолда. Улар рус дунёси ва Россия муҳофазаси учун куйиб-ёнадиганлар хилидан эмас, балки собиқ Иттифоқ майдонида юз берадиган ҳар қандай ўзгаришдан ваҳимага тушадиганлар тоифасидан (ҳа, собиқ Иттифоқ майдонида Россия ва Ғарб ўртасида доимий кураш кечади, аммо биз бу урушда, "ох" ва "ах"ларга қарамай, мағлубиятга юз тутаётганимиз йўқ).

Ҳа, Лукашенко ўтган йили АҚШ билан ярашди - Минскда америка элчихонаси очилди. Ҳа, Лукашенко Иттифоқ давлати доирасида интеграллашувни чуқурлаштириш бўйича музокараларни кескин олиб борди. Ҳа, Лукашенко Россия Беларусга ўз шартларини уқтиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида тез-тез гапира бошлади. Аммо буларнинг барчасида Россияга қарши қаратилган ҳеч вақо йўқ — аксинча, интеграллашув Россия билан кечмоқда, Ғарб билан эмас.

Ваҳимачилар қўрқитаётгани каби - бу ерда Украина сценарийси изи борми, у такрорланиши мумкинми? Албатта, йўқ — объектив ва субъектив сабаблар шу даражада кўпки, уларни такрорлаб ўтишнинг ўзи ғалати.

Радикал аксил-рус миллатчилар билан ўйин қилинмаяпти (уларнинг сони ҳам Украинадагига нисбатан анча кам), Ғарбга мойил бўлган, коррупция ботқоғига ботган ёки сотилган элиталар йўқ, қолаверса, Ғарб беларус жамияти билан мақсадли кенг кўламли ишларни олиб бораётгани йўқ, чунки бу жамият бугун мутлақо бошқа ҳолат ва кайфиятда.

Ва энг асосий сабаб, - 1994 йил ҳокимият тепасига келган Лукашенко икки давлат ва халқлар қардош иттифоқининг доимий тарафдори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. У Иттифоқ давлат яратилишининг ташаббускори бўлган ва ҳамиша бизнинг бирлигимизни таъкидлаб келган. Тўғри, тўлиқ қўшилиш ҳали рўй бергани йўқ, аммо бу кейин - Лукашенкодан кейин рўй берадиган тарихий давр олдидаги масаладир.

Аммо бу уни куч билан алмаштириш орқали юз бермайди - унинг ҳозирги машҳурлигида эса (у учун аҳолининг ярмидан кўпи овоз бериб турганида) бошқа йўли бўлиши ҳам мумкин эмас. Москва Лукашенконинг кетишини хоҳламайди — унда ким хоҳлайди?

Беларус жамиятининг Ғарбга юз бурган қисми хоҳлайди. Ғарбнинг ўзи ҳам хоҳлайди - тўғрироғи, Россиядан Украинани ажратиб олиш учун овоз берган ва то ҳанузга қадар бу иш вақтинчалик эмас, асрларга амалга ошди, деб ўйлайдиган кучлар шуни истамоқда.

Лукашенко ва Путиннинг душманлари умумий, ва бу уларни бирлаштириб турган асосий нарса эмас, бу ҳақда ҳеч қачон унутиш керак эмас.

Унда нега бизнинг фуқароларимизни ҳибсга олишди? Афсуски, Лукашенко ўзини ўзи чалғитди - шахсий мустақиллигини ўз сайловчиларига (айниқса, унга нисбатан ишончсизлик кайфияти мавжуд бўлган қатламга) каби, Москвага ҳам кўрсатиш қўйиш учун қилган уринишлари давомида у қўлга олинган россияликлар билан боғлиқ воқеани чувалатиб юборди.

Яна бир мақсад бор эди: Ғарбга ўзининг мутлақо мустақиллигини, бундан ташқари, Москвадагилар ундан норози эканлигини кўрсатиб қўйиш. Айтганча, унинг бу ўйлари дарҳол иш бергани йўқ — яъни Ғарб бунда рус изи борлигига ишонмади. Ташқи разведка хизмати директори Сергей Нарышкин бу ҳақда Лукашенкога тушунча берди:

"Мен раҳбарлик қилаётган хизмат атрофдаги воқеаларни, жумладан, бошқа давлатлар сиёсий элиталари томонидан қандай баҳо берилаётганини кузатиб бормоқда. Айтишим керак-ки, Европа мамлакатларида сиёсий элиталар, ҳукумат доиралари буни олдиндан ўйланган акция сифатида баҳоламоқдалар".

Шу билан бирга, Нарышкин, бошқа Россия расмийлари сингари, бу воқеа иложи борича тезроқ ҳал қилинишига ишонч билдиради:

"Бу ҳодиса бироз вақт ўтиб ҳал бўлиши ва енгиб ўтилишига умид қиламан. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона, қардошлик алоқаларини ривожлантириш манфаатларига жавоб беради".

Москва Лукашенкони жазолашни ҳам, муносабатларни ёмонлаштиришни ҳам истамайди - чунки у қисқа муддатли муаммоларни стратегик курсдан ажратади. Лукашенко қардош муносабатларни сотган ёки хиёнат қилган эмас - у СССР қулаганидан кейин тасодифан мустақил бўлган кичик бир давлатнинг раҳбаридир. Рус халқининг бир қисми - беларуслар яшайдиган давлатнинг раҳбари. Беларуслар ҳеч қачон ўз тақдирини бутун рус дунёси тақдиридан ажратмаган.

Икки давлат ўртасида - энергия нархлари ёки интеграция масалалари туфайли рўй берадиган зиддиятлар - бизни бир-биримизга боғлаб турадиган нарсалар олдида мутлақо олд фонга чиқа олмайди.

Россия жамиятидаги Лукашенконинг ҳозирги хатти-ҳаракатларидан ғазабланиш қисман: ҳибсга олиш билан боғлиқ воқеада дарҳол "Украина аспекти" пайдо бўлганлиги билан изоҳланади: ҳибсга олинганларнинг баъзилари ўтмишда Украина фуқаролари бўлган ва Киев уларни "Донбассдан келган жангарилар" сифатида экстрадиция қилинишини истаган.

Лукашенко бизнинг фуқароларимизни Киевга бериши мумкинлиги ҳақидаги фикр, табиийки, Россияда жуда салбий муносабатни келтириб чиқарди, аммо шуни айтиш жоизки, бундай хавфсирашлар учун асос йўқ. Лукашенко бундай ишни қила олмайди - ҳар ҳолда, биз шунча йиллар давомида билган Лукашенко бундай қила олмайди.

Тўққизинчи августдан кейин бошқа Лукашенко пайдо бўлмайди — бу дегани, россиялик фуқаролар тез орада уйларига қайтадилар.

Лукашенко бу воқеада ҳақ эмас — шу билан бирга Россиядаги, икки давлат ўртасидаги ҳар қандай мураккабликларда беларус президентини "текинхўр", "хоин", "ўз давлатини украина йўлидан бошлаётган" деб ҳақорат қиладиганлар ҳам ноҳақ. Бу сингари ватанпарварларнинг нияти, улар наздида, қанчалик яхши бўлмасин, аслида улар бизнинг иттифоқимизга, демакки Россия манфаатларига ҳам жуда катта зиён етказади.

Тарихий ўлчовлар билан олиб қаралганда, яқингача СССР халқларини - нафақат ташқи душман, балки, биринчи галда "шу халқ манфаатларининг ҳақиқий курашчилари" кучи билан ўзаро уриштиришар ва бир-бирига қарши қўйишарди.

Буларнинг барчаси СССР қулаши билан якун топди, оқибатларини эса ҳали ҳам катта қийинчилик билан енгмоқдамиз, айниқса, Украина йўналишида.

Беларусь билан муносабатларда бунга ўхшаш ҳолат ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам: агар биз Украина билан вақтинчалик уришган бўлсак, бу кейин яна бирлашиш учун, Беларусь билан эса ҳамиша бирга бўлиб келганмиз ва бўламиз ҳам.

1093
Лаборанты обрабатывают флаконы для новой вакцины от коронавируса AstraZeneca

Вакцина қанчалик хавфли: АҚШ жавоб талаб қиляпти, Европа пулни санаяпти

30
Британ-швед AstraZeneca фармакология компанияси ва Оксфорд университети томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган AstraZeneca вакцинаси муаммолари янгича оборот олишни бошлади

АҚШ бир неча ҳафта олдин музлатиб қўйилган синовларни нафақат янгиламади, балки американинг етакчи ОАВлари томонидан препарат хавфсизлигига доир саволлар тез-тез янграй бошлади. Айниқса, Си-эн-эн овози улар орасида жарангдорроқ янграмоқда.

Маълумки, AstraZeneca клиник синовлари икки марта тўхтатиб қўйилган эди - июль ва сентябрь ойларида: гап шундаки икки кўнгиллида келиб чиқиши неврологик бўлган ғайритабиий симптомлар намоён бўлган эди. Иккала ҳолат ҳам одамларга киритилган вакцина билан боғлиқ эмас, дея тан олинди ва аксарият давлатларда, шу жумладан, Буюк Британияда ҳам синовлар давом эттирилган эди.

Аммо америкалик олимлар ва АҚШ соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари ўта синчков чиқишди ва салбий таъсирлар ҳақидаги ҳисоботларда жиддий тафовутлар борлигини аниқлашди.

AstraZeneca июль ойида юз берган ҳодисани сал олдин диагностика қилинмаган паришонхотир склероз билан изоҳлаган эди. Аммо Оксфорд университети сайтида бу ҳолат "тушунарсиз неврологик симптомлар" сифатида тушунтирилган.

Иккинчи - сентябрдаги ҳодисада - компания кўнгилли аёллардан бирида "номаълум касаллик" намоён бўлгани ҳақида оммага маълум қилган эди. Аммо ички ҳужжатчиликда ушбу ҳолат кўндаланг миелит (кам учрайдиган неврологик касаллик) сифатида қайд этилган.

Натижада, америкаликлар эндиликда бундай тафовутнинг юзага келиши сабаблари ҳақида жуда тўғри саволларни беришмоқда. AstraZeneca шусиз ҳам вакцина устида олиб бораётган ишларининг шаффофлиги борасида жиддий эътирозларни эшитаётган эди, юзага қалқиб чиққан зиддиятлар эса эндиликда буларга қўшимча равишда препаратга ва унинг хавфсизлигига бўлган ишончни йўққа чиқармоқда.

Устига-устак синовдан ўтаётганлар соғлиғида юзага келган муаммолар мавзуси ҳам алоҳида эътиборни тортмоқда. Дарвоқе, америкалик профессор-иммунологларнинг бири бу ҳақда очиқчасига: иккала касаллик ҳам неврологик табиатга эгалиги кишини "шокка" солмоқда, дея фикр билдиришга улгурди.

Эҳтимол, AstraZenecдан шунчаки омад юз ўгирган ва гап ҳақиқатан ҳам бахтсиз тасодифлар ҳақида бориб, улар ишлаб чиқилаётган вакцина билан мутлақо боғлиқ эмасдир. Аммо соғлом идрок ушбу ҳолатга ойдинлик киритишни талаб қилади - шу ерда бошини қумга яширмай, дарҳол ўзида синовларни музлатиб қўйган американинг масъул хизматлари иши таҳсинга сазовордир.

Бу ерда уларнинг европалик ҳамксблари позицияси кўпроқ кишини таажжубга солмоқда. Улар санаб ўтилган барча ғалатиликларни кўрмаганликка олиб, тест ўтказишни давом эттиришга рухсат беришди.

Умуман олганда, Европа иттифоқи ҳукумати ва компаниянинг ўзининг ушбу, (вакцина ростдан ҳам хавфсиз бўлмаган тақдирда) улкан муаммоларни келтириб чиқариш билан хавф солаётган нозик мавзуда хотиржамлиги сабаби оддий.

Шу кунларда Reuters ахборот агентлиги ЕИ расмий вакилига таянган ҳолда AstraZeneca Европа иттифоқи билан битим доирасида қисман иммунитет олгани ҳақида хабар берган эди.

Битим август ойида имзоланган, аммо унинг айрим нозик тафсилотлари энди эълон қилинди.

Бор гап шундаки, фармкомпания ЕИга препаратни нисбатан арзон нархда етказади, аммо бунинг эвазига у препарат салбий таъсир кўрсатган тақдирда (муайян лимитдан юқори) молиявий жавобгарликдан озод этилади. Битимнинг аниқ кўламлари очиқланмаяпти, аммо Европа AstraZenecaга бир доза учун 2,5 евродан тўлаши маълум. GlaxoSmithKline билан ҳамкорликда ўз препаратини ишлаб чиқараётган Франциянинг Sanofi фарм-ишлаб чиқарувчиси вакцинани Европага ўн евродан пуллаган - ва шу боис унга иммунитет тақдим этилмаган.

Дарвоқе, иккала компания ҳам ЕИдан қайтарилмайдиган аванс тўловларни олиб бўлишган. 400 миллион доза вакцинани етказиб бериш учун AstraZenecaга тўланган бундай тўлов миқдори 336 миллион еврони ташкил этди, Sanofi эса 300 миллион доза учун — 324 миллион евро олган.

Шу тариқа, агар режалаштирилаётган оммавий вакцинация жараёнида тўсатдан AstraZeneca препарати ҳақиқатда аксарият ҳолатларда инсон соғлиғига зиён етказиши аниқланса, компания бу учун ҳеч қандай жиддий оқибатларни юзага келтирмайди.

Жабрланганларга компенсацияларни миллий ҳукуматлар, аниқроқ қилиб айтганда - тегишли давлатларнинг солиқ тўловчилари қоплаб беради.

Шу аснода Европа истеблишментининг турли хил ёндашувлар билан яратилган бу икки вакцинага қилаётган ставкаси таъсирлантирмай қолмайди, албатта.

Бу ижтимоий ва сиёсий манипуляциялар учун бир дунё имкониятларни тақдим этиши, шундоқ ҳам тушунарли. ЕИнинг қайси давлатлари қайси препаратларни олиши, шунингдек, бу вакциналар мамлакатларнинг ичида, туманлар эпидемиологик ҳотиржамлиги ва уларда яшовчи одамларнинг жамиятдаги ўрни кесимида қандай тақсимланиши томоша қилиш жуда қизиқ бўлади.

Ички бир туйғу билан шуни ҳис қилиш мумкинки, шубҳали дори-дармон билан соғлиғига хавф солиш мутлақо мумкин бўлмаган танланган европаликлар учун ҳар доим қўл остида Sanofi препарати тайёр туради. Ахир бу препарат учун француз компанияси жавобгарликни ўзи олиб боришига тўғри келади, демакки, унинг хавфсизлиги ва таъсирчанлигига кўпроқ ишониш мумкин.

Бу сингари фонда рус воқеликлари деярли экзотикадек кўринмоқда, ахир бнда кўплаб таниқли ва юқори мартабали фуқаролар маҳаллий вакцина синовлари иштирокчиларига айланишган эди. Жаҳон ОАВлари ҳатто Россия элитаси вакиллари кўп ойлар давомида клиник синовлардан ўтмаган препарат билан эмланишган, дея таъкидлаган эдилар.

Шундай экан, уларнинг "Спутник-V"нинг унинг эҳтимолий хавфсиз эмаслиги билан боғлиқ ҳужумларини айни ҳолатда қандай тушуниш мумкин, бу қизиқ масала.

Эҳтимол, Россияга нисбатан ҳар доим ғайришуурий тарзда "ким нима дардда" тамойилига амал қилиш Ғарбнинг пешонасига ёзилган бўлса керак.

30
Замминистра высшего и среднего специального образования Узакбай Бегимкулов

Янги Ўзбекистон талабаси қандай бўлиши керак? ОЎМТВ вазир ўринбосари билан суҳбат

317
(Янгиланган 16:31 28.09.2020)
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Бегимқулов Sputnik нашрига берган интервьюсида рақамли университетга ўтиш, Ўзбекистонда нега хорижий ОТМлар филиаллари кўпаяётгани ва нега яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон олий таълим тизими шу кечаю-кундузда ўз тарихидаги энг йирик трансформацияни бошдан кечирмоқда. Бу "ўтиш" жараёнида коронавирус пандемияси берган зарба, албатта, Ўзбекистон олий таълим тизимига салбий таъсир кўрсатмай қолмади. Аммо қисқа муддатда ягона бирлашган онлайн-платформанинг ишга туширилиши ва республика бўйича энг яхши профессор-ўқитувчиларнинг онлайн-лекциялари талабалар эътиборига ҳавола қилиниши тизимни акс таъсирлардан ҳимоя қилди. Sputnik Ўзбекистон ХААга берган интервьюсида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов рақамли университетга ўтиш, ёшларнинг илмга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон нега ўз ҳудудида хорижий ОТМлар филиалларини кўпайтираётгани ва нима сабабдан энг яхши мутахассислар чет элга кетишидан чўчимаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Узоқбой Шоимқулович, Ўзбекистонда олий маълумотли ишсизлар ёки ўз эгаллаган касби бўйича эмас, бошқа соҳада ишлайдиган мутахассислар жуда кўп. Лекин бирор маротаба қайси соҳага қандай мутахассис керак, неча кишига талаб бор, эшитмадик. Меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни ким ўрганади? Рақобатбардош, турли ҳаётий ва маданий шароитларга мослашувчан профессионал кадрларни тарбиялаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда республикада?

- Хабарингиз бор, уч йил олдин - 2017 йилда, Муҳтарам Президентимизни "Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури" қабул қилинган эди. Мана шу дастурда олий таълим тизимини ривожлантиришнинг 9 та устувор йўналиши белгилаб берилди. Шулар орасида энг устувор йўналиш - бу ёшларимизни олий таълим билан қамровини ошириш эди. Таққослаш учун, 2016 йилда 9% битирувчиларда олий таълимда ўқишни давом эттириш имконияти бор эди. Бугунга келиб, 25%дан ошдик.

Охирги 4 йилда 47 та янги олий таълим муассасаси ташкил қилинди.

Одатда олий таълим муассасаларига қабул квоталари қандай шакллантирилади?

Аввалги Иқтисодиёт, ҳозирги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бевосита ҳудудлардан қанча ўқитувчи, қанча шифокор, қанча инженер ва ҳоказо соҳалар мутахассисларига бўлган талаб ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб тўплагач, қабул квоталарини биргаликда таълим йўналишлари ва олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаймиз. Демак, кўриб турибсизки, ҳар бир ҳудуд ва соҳанинг истиқболли ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўналишлари, устувор вазифаларидан келиб чиқиб қабул квоталари шакллантирилади.

Давлат буюртмаси, давлат гранти асосида таҳсил оладиган талабалар  йўлланма асосида ишга юборилади. Тўлов-контракт асосидаги битирувчиларга тавсияномалар берилади, улар шу асосда ишга жойлашишлари мумкин.

Рақобатбардош кадрларга келадиган бўлсак, биласизми, бизни қувонтирадигани - ҳозирги кунда иш берувчилар секин-аста ўз талабини қўйишни ўрганди. "Менга биргина болға урдирадиган эмас, бутун бошли автоматлаштирилган тизимларни ишлатадиган инженер керак", дейишади. Ўзи тараққиётни маълум бир даражасида иш берувчилар кириб келиши ва олий таълим мазмунини шакллантиришда иштирок этишлари шарт. Иш берувчи бизга буюртмачи бўлиши, у қўяётган малака ва билимга эга бўлиш учун мутахассис қайси фанларни ўқиши кераклигини эса биз белгилашимиз керак. Шу боис бугунги кундаги асосий талабимиз - талабаларда мустақил билим олиш кўникмасини ривожлантиришдан иборат. Технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир даврда яшаяпмиз. Домланинг ўтган дарси билан кифояланмасдан, ўзи ҳам мустақил илм излайдиган талаба эртанги кунда яна қайта ўқиши керак бўлмайди. Асосий вазифамиз ёшларимизни янги билим-кўникмаларни мустақил эгаллашлари учун тайёрлашдан иборат. Ҳозирги олий таълим мазмунини мана шунга йўналтиришимиз керак.

- Мактабни битирган ўзбек ёшлари шу кечаю-кундузда қайси соҳаларга кўпроқ қизиқиш билдиришяпти?

- Ёшларимиз асосан, техника, IT- йўналишларини кўпроқ танлашаяпти. Жорий йил ОТМларга 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди. Деярли ҳамма муассасаларимизда абитуриентлар сони кескин ошди. Бир ўринга 30 та абитуриент даъвогарлик қилган йўналишлар ҳам бўлди. Энг кўп абитуриентлар ҳужжат топширган ОТМлар бу СамДУ, ТерДУ, Урганч Давлат университети, ФарДУ, ЎзМУ, Тошкент Давлат техника университетлари бўлди.

Бу ёшларимизнинг олий таълимга бўлган ишончи ошаётганидан далолат беради. Билими борлари кираман деб ҳаракат қиляпти ва киряпти ҳам. Олий таълим муассасаларига боғлиқ бўлмаган шаффоф, очиқ қабул тизими яратилган.

Қабулни биз ўтказмаймиз, қолаверса, абитуриентларга бешта университетни танлаш имконияти берилган, демак, потенциал талабамни билмайман, минг хоҳлаганимдаям.

- Битирувчиларнинг аксарият қисми ўз эгаллаган соҳаси эмас, бошқа соҳада ишлашади. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Битирувчининг ишга жойлашиши жуда кўп факторларга боғлиқ - ишхонасининг уйидан узоқлиги, ёки оилавий шароити, буни ҳам инобатга олиш керак.

Фикрим, олий маълумот олдими, шу соҳани мутахассисими, демак олган фундаменти битирувчига бошқа соҳаларда ҳам ўзини кўрсатишига имконият беради.  Бу, албатта, яхши.

Аммо яна бир масала бор. Олий таълимга ёшларни тайёрлашда оила муҳим роль ўйнайди. Олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётган абитуриент жуда кам ҳолатларда аниқ мақсад билан "олдиндан ўша йўналишга кираман, шу соҳани эгаллайман", дейди. Бола ўқитувчи бўлишга қизиқади, лекин ота-онаси ўз фарзандининг ё прокурор ё иқтисодчи бўлишини хоҳлайди. Натижада бола иқтисод бўйича ўқийди, лекин ундан иқтисодчи чиқмайди. Вақт ўтиб у ўқишини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ёки бўлмаса олий таълимга кирсам бўлди, деган мазмунда ҳужжат топширишади. Жорий йилнинг ўзида 30 мингга яқин ёшлар ўқишини кўчириш учун ариза топширган. Улар ичида 15 мингдан ортиғи ўз таълим йўналишларини ўзгартиришни хоҳлашган. Буни олдиндан мақсадли кириш эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёки бўлмаса бу йил иккинчи мутахассисликка ҳужжат топширганлар сони олдинги йилларга нисбатан 4 марта кўп. Бу дегани биринчи дипломга эга, лекин ўзини соҳасида ишламаяпти. Мана шундай ҳолатлардан билишимиз мумкинки, болада у олий таълимга келишидан олдин ўша соҳа бўйича қизиқишни оилада ва мактабда уйғотиш керак. Бола мана шу соҳани аниқ эгаллайман, деган мақсад билан ОТМга келиши керак. Бундай тоифадаги талабалар ҳеч қачон ўқишини кўчирмайди ёки иккинчи олийни ўқимайди. Бакалавр дипломи билан ҳам ўзини соҳасида юқори натижаларга эришади.

- Мактаблар билан бу борада қандайдир ҳамкорлик йўлга қўйилганми?

- Ҳозирда шундай ҳамкорлик бошланган. Олий таълим муассасалари кимё, биология ва математика йўналишидаги мактабларга бириктириляпти. Демак ОТМ бўлажак талабасини ўша бириктирилган мактабдан қидиради - фан олимпиадаларини туманлар, мактаблар кесимида ўзи ўтказиб, кадрларни саралаб олади. Бундан ташқари, ОТМдаги етук олим-профессорларнинг мактабларга бориб семинар, мастер-класслар ўтказиб, маърузалар ўқийдиган селекцияга ўхшаш бир тизимни жорий қиляпмиз. Эътибор берган бўлсангиз, бу йил техникумлар ташкил этилди. Масалан, Транспорт техникумини битирган ёшлар Транспорт университетига киришда иккинчи курсдан суҳбат асосида қабул қилиниб, ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўляпти. Буям кадрлар селекциясининг бир шакли.

- Коронавирус пандемияси  ва таълим мавзусига ўтсак. Март ойининг ярмидан Ўзбекистонда мамлакат миқёсида карантин жорий этилди. Бир вақтнинг ўзида ОТМлар масофавий таълимга ўтганини кузатдик. Онлайн-ўқиш таълим сифатини тушириб юбормадими? Ва умуман, масовафий таълим келажагини қандай кўрасиз?

- Биласизми, бугунги кунда энг аввало таълимдаги муҳит трансформацияга учрамоқда. Ҳозир ўқитувчининг вазифаси ўзгаряпти. У энди бир томонлама билим узатувчи эмас, балки талабани билим олиш фаолиятига йўналтирувчи сифатида янги мақомда иш юритиши керак. Шу нуқтаи-назардан аудиториядаги дарснинг ўрни беқиёс. Тўғри таъкидладингиз, биз 1 апрелдан масофавий таълимга ўтдик, лекин бу жараёнда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдик. Биринчидан: ўқитувчиларимизнинг тайёргарлик даражаси. Янги форматда иш юритиш услуби аксарият ўқитувчиларни довдиратиб қўйди. Иккинчидан, талабаларимиз бундай форматда билим олишга тайёр эмасликлари маълум бўлди. Қарс икки қўлдан чиқиши керак – ОТМ тегишли шароит яратиб бериши керак. Талабаларда эса шундай форматда билим олишга мотивация кучли бўлиши лозим. Яна бир томони – техник муаммолар бўлди. Ҳамма узоқ ҳудудларимизда ҳам яратилган ресурслардан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас эди, тахминан 402 минг нафар талабадан 30 мингида( 8%и) турли сабабларга кўра, интернетга уланиш имкони йўқ эди.

Вазирлигимиз пандемия шароитида қисқа вақтда ҳар бир олий таълим муассасаси масофавий таълим платформаларини ягона платформага бирлаштирди. Яъни, дейлик, физика фанини Миллий университет ҳам ўқитади, Қашқадарё ОТМси ҳам. Талабага ўқув материалини танлаш имкониятини яратдик: унга қайси ресурс маъқул бўлган бўлса, кириб ўшани ўқиш имкониятини бердик. Шу тарзда, ОТМларнинг таълим ресурсларини бирлаштириш орқали биз бу жараёндан ўтдик.

Масофавий таълим яхши, аммо буни учун талабаларда мустақил билим олиш, креатив салоҳият малакасини ривожлантириш керак. Шундагина кейинги глобал ривожланиш, глобал тараққиётда ўз ўрнини йўқотиб қўймайдиган, керакли пайтда зарур билимни олиб, ўзида зарур кўникмани шакллантирадиган мутахассис бўлади. Мени ўйлашимча, келажакда албатта анъанавий таълим билан масофавий таълимни уйғунлиги бўлиши керак.

Албатта, бу дастлабки қадам эди, биз бу нарсага биз 100 фоиз тайёр эдик, деб айтолмайман.

Давлат дастурида шу йил учта ОТМ: Тошкент давлат юридик университети, ТАТУ ва Тошкент давлат педагогика университетида масофавий таълимни тажриба сифатида жорий этиш белгиланган.

Чунки ҳамма таълим йўналишида ҳам масофавий таълимни жорий этиб бўлмайди. Дейлик, инженер ёки шифокорлик йўналишида. Бундай шароитда маълум бир қисм фанларни онлайн-форматга ўтказамиз, бироқ амалиётда ўтиши лозим бўлган - қўл билан бажариладиган ишлар ҳам бор, уларни  масофавийга ўтказа олмаймиз.

Шунингдек, сиртқи таълимда аралаш технологияларни жорий қилдик. Мана, шу йилдан 35та ОТМда кредит-модуль тизимига ўтдик. Бунинг маъноси нима? Дейлик врач беморни қабул қилганида, у билан мулоқотда бўлади. Бунинг учун у психологияни билиши, унда нутқ маданияти бўлиши, ўзини соҳаси бўйича касаллик белгиларини айтиб бера оладиган бўлиши керак. Мана шу кўникмаларни битта гуруҳ қиламиз – дейлик, мулоқот компетенцияси. Бу компетенция учун бўлажак шифокор учта фанни ўқийди - бу фанлар гуруҳланиб битта модул бўлади ва мана шунга кредит берилади.

Кредит-модул тизими амалий кўникмани ривожлантиришга қаратилган таълим жараёни бўлади ва мустақил таълим методикаларини қўллашни кенгайтиришни тақазо этади. Агар талаба шу компетенцияга эга бўлмаса, унда пробел бўлади, демак у тўлиқ мутахассис бўлолмайди.

- Ўзбекистонда чет эл ОТМлари филиаллари сони кескин ортди. Охирги 3 йилда 15та хорижий филиаллар ташкил қилинди. Бу нима учун керак?

- Хорижий филиаллар сони шунчаки кўпаяётгани йўқ. Яқин-яқингача Ўзбекистонни дунёнинг географик харитасида билишмас эди. Мана энди Янги Ўзбекистон сифатида дунёга таниляпмиз, Ўзбекистон олий таълим тизимини ҳам жаҳонга танитишимиз керак.

Битирувчиларимизни сифати бизни ишимизга баҳо беради. Шундай экан, хорижий филиаллар сони оширилиши билан биринчи навбатда илғор таълим технологиялари ҳам мамлакатимизга кириб келяпти. Москва Давлат Университети, Американинг Вебстер Университети, МИСиС – ахир булар ўз соҳаси бўйича етакчи таълим муассасалари.

Ҳар қандай ОТМ даражаси - бу илмий даражали ўқитувчилар улуши ёки хориждан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар сони билан ўлчанади. Хорижий ОТМлар филиалларининг ташкил этилиши, хорижий етакчи университетлар билан қўшма дастурлар - Ўзбекистон олий таълими тизимининг ичида рақобатни шакллантиради. Бу ниҳоятда зарур - рақобат бўлмаса, ривожланиш бўлмайди.

Ҳозирда 22та давлатдан 104та таълим йўналиши бўйича икки томонлама диплом бериш дастурини йўлга қўйганмиз.

Эътибор беринг, Ўзбекистонда ОТМларнинг илмий салоҳияти охирги 3 йилда ҳар йили 3%дан ортяпти. Йигирма йилда очиғи, бу кўрсаткич йилдан йилга пасайиб бориб, пасайиш 2017 йилда биринчи маротаба тўхтатилган эди.

-  Қўшма дастурлар туфайли яхши мутахассисларнинг чет элга кетиб қолиши, русча айтганда "кадровая утечка" деган бир ҳолат юзага келиб қолмайдими, нима дейсиз?

- Бизнинг бугунги кундаги барча ҳаракатларимиз етук малакали битирувчиларни тайёрлашга қаратилган. Аввало ўзбекона менталитетга хос - уйидан узоққа ҳеч қаерга кетиб қолмайди. Хорижга бориб ишлаб, маълум вақтдан кейин тажриба орттириб қайтиб келса, бу ҳам яхши. Нима қилибди, нега биз буни чегаралашимиз керак? Ватанига хизмат қилиш ҳисси қалбида йўқолмаса бўлди.

- Ўзбекистон ёшларининг олимликка қизиқиши қай даражада? Ёш олимларни қандай қўллаб-қувватлайсизлар?

- Бугунги кундаги асосий ишларимиздан бири ёш олимларни илмий-тадқиқотчилик фаолиятига кенг жалб қилишга қаратилган. Докторантурага қабул квоталари 3 баробар ошди. Кириш учун битта ўринга 4-5тадан даъвогар тўғри келяпти.

Ўтган йили магистратурага 7695 та ўрин берилган ва 22 мингдан зиёд ариза тушган эди. Бу йил 10 425 та жой ажратилди, 74 мингдан ортиқ ариза тушди.

Ёшларнинг илмга қизиқиши ортмоқда.

Сўнгги йилларда ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга кескин эътибор бериш бошланди. Уларга уй-жой, машина олиш учун кредитлар берилмоқда.

- ОТМлардаги бошқарув жамоалари кўпинча сизлар, яъни вазирликдан "буйруқ" келишини кутиб ўтиришади.

- Саволингиз тушунарли. Биз икки йил олдин олий таълим муассасаларига академик мустақиллик берганмиз. Яъни ўқув жараёни мазмунини, ўқув режаларингни иш берувчилар талаблари, халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзларинг ҳал қилинглар, деганмиз. Биз ҳозирда фақатгина умумий стратегияни белгилаб беряпмиз.

Мана, ўнта ОТМ бу йил молиявий мустақилликка ўтди, лекин афсуски, ҳали ҳам нима қилишни кутиб ўтириш ҳолатлари йўқ эмас. Уларни дунёқарашини ўзгартиришимиз керак.

- Шу йилдаги режалар қандай?

- Режалар бисёр. Олий таълимни бошқаришнинг ахборот тизимларини жорий қиляпмиз. Вазирлик рақамли форматга ўтаяпти. АКТни жорий этиш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорликни таъминлаймиз. Университетларни рақамли форматга ўтказиш ишларини босқичма-босқич давом эттирамиз.

Илмий фаолиятни ривожлантиришмиз керак. Шу учун замонавий илмий-тадқиқот инфратузилмасини шакллантиришга ҳаракатдамиз: бу ОТМлар қошидаги технопарклардир. Хориждан 112 та замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари олиб келинди, 7 та олий таълим муассасалараро илмий тадқиқот лабораторияларини ташкил қиляпмиз.

Бугунги кунда бизга берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Ҳамма ҳаракатларимиз ёшларга сифатли таълим беришга қаратилган ва бунга эришамиз.

317

COVID-19  билан такроран касалланиш эҳтимоли кам Нурмат Отабеков

14
(Янгиланган 17:01 29.09.2020)
Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Шу сабабли ҳам коронавирус билан такроран касалланиш эҳтимоли кам - Отабеков.

ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Сўнгги вақтларда аҳоли орасида коронавирус билан қайтадан касалланиш мумкинми деган савол пайдо бўлмоқда. Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков жавоб берди.

Отабеков айтишига қараганда, бугунги кунда дунё миқёсида коронавирусга такроран чалиниш ҳолатлари жуда кам учрайди. Учраган тақдирда ҳам улар қандай аниқландигеном даражасида аниқ ва мукаммал текширишни талаб қилади.

Лекин инсоният коронавирус билан танишганидан сўнг, салкам бир йил вақт ичида, касалликнинг аниқланган жиҳати шуки 10-кунидан бошлаб вирусга қарши иммунитет пайдо бўла бошлайди.

“Бугунги кунда аниқ айтишимиз мумкинки, касалликнинг ўнинчи кунидан бошлаб беморда COVID-19га қарши мукаммал иммун тизими шакллана бошлайди. Ўз тасдиғини топган яна бир жиҳат шуки, касалликни оғирроқ бошдан кечирган инсонда шаклланган иммун тизими анча мустаҳкамроқ бўлади”, - деди Отабеков.

COVID-19 янги касаллик бўлгани учун, уни ўрганиш ҳалигача давом этомоқда. Коронавирусга чалинган киши бироз вақт ўтиб ушбу вируснинг янги мутациясига дуч келса ҳам, унинг иммун тизими унга қарши кураша олади.

“Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Ҳатто касалликдан кейин хосил бўлган антитаначалар титри кам бўлса ҳам, улар касаллик билан кураша олади”, - дейди шифокор.

Ушбу антитаначалар касаллик билан кураша олади. Демак, одамда COVID-19 иккинчи марта ҳатто қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин.

Шунингдек, COVID-19 бир одамда узоқ муддат сақланиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.Шу сабабли баъзи беморлар қайта касалландим деб ўйлаган бўлиши мумкин.

14