Чайковский танловида ўзбекистонлик опера ижрочилари ҳам иштирок этмоқда

75
(Янгиланган 14:15 24.06.2019)
Россияда бўлиб ўтаётган Чайковский номли нуфузли халқаро мусиқий танловда икки нафар ўзбекистонлик опера ижрочилари ҳам иштирок этмоқда.

ТОШКЕНТ, 24 июн – Sputnik. Ушбу кунларда Москва ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтаётган Чайковский номли XVI халқаро танловда Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этмоқда, деб хабар қилди Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси матбуот котиби Sputnik мухбирига.

Ушбу йилги танловда дунёнинг 26 мамлакатидан 228 та ижрочи иштирок этмоқда. Улар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов ҳамда Ўзбекистон Давлат консерваторияси битирувчиси Ангелина Ахмедова ҳам бор. Улар “Яккахон ижро” танловида иштирок этмоқда.

Танловда Ж.Пиязов Г.Генделнинг “Ринальдо” операсидан Арганте ариясини, Дж.Вердининг “Атилла” операсидан Атилла ариясини, Ҳамда Чайковскийнинг “Благословляю вас, леса” романсини ижро этди. Ангелина Ахмедова эса Моцарт ва Римский-корсаковларнинг ариялари ҳамда Чайковскийнинг “Скажи, о чем в тени ветвей” романсини ижро этди.

Чайковский танлови кундалигини батафсил ёритиб бораётган журналист Владимир Дудин Ангелина Ахмедованинг чиқиши ҳақида қуйидагиларни қайд этган.

“Ангелина чиқишида нафақат вокал соҳасида чуқур билим ва тайёрларликни,  балким саҳнада ўзинин тутиш санъатини ҳам намойиш этди”, - деб ёзган Дудин.

Маълумот учун, Чайковский танлови – классик мусиқа оламида энг нуфузли мусиқали танловлардан бири ҳисобланади. У ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилади. Танловда “фортепьяно”, “скрипка”, “виолончель”, “ёғоч пуфлаб чалинадиган аспоблар” ҳамда “яккахон ижро” мутахассисликлари бўйича энг яхши мусиқачилар танлаб олинади. Танлов финали 29 июнь куни Саанкт Петербургда бўлиб ўтади.

75