Тошкентда топилган хазинани жадидлар яширгани маълум бўлди

2809
(Янгиланган 20:32 04.07.2019)
Тошкентда топилган хазинани аслида ким яширган, уни ким ва қандай топгани ва хазина таркибида нималар борлиги ҳақида батафсил маълумот.

ТОШКЕНТ, 4 июл - Sputnik. Тошкент марказидаги собиқ Россия император оиласи вакилига тегишли бўлган бинонинг ертўласида улкан хазина топилгани ҳақида илк хабарлар ўтган йили пайдо бўлган эди. Шундан сўнг ушбу хабарлар гоҳ инкор этилди, гоҳ кейинроқ эълон қиламиз дейилди. Шу вақтга қадар тўлиқ ва батафсил маълумот эълон қилинмай келаётган эди.   

Қуйида эътиборингизга ушбу хазина ким томонидан ва қандай топилгани, хазина ичида нималар борлиги ва унинг келажакдаги тақдири ҳақида маълум қиламиз. ЎзА хабарига асосан. 

Хазинани ким ва қандай топди

Ушбу ноёб хазинани Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси, мустақил изланувчи, илмий ходим 23 ёшли Муҳаммадбобур Юсупов 3 йиллик изланишлари, қидирувлари натижасида пойтахт марказидаги эски биноларнинг биридан топишга муваффақ бўлди.

Иккинчи курс талабалигим даврида Тошкентнинг 19 аср охири 20 аср бошларига оид тарихини ўргана бошлаганман. Туркистонда ташкил қилинган биринчи миллий университет, жадидлар, Тошкентда яшаган дворянлар тарихини ўрганганман.

Мана шу вақтда университетда ишлаган ёши катта устозларим ноҳақ қамалиб кетган ўзбек жадидлари ва ушбу хазина ҳақида айтиб беришган, лекин унинг қаердалигини ҳеч ким билмаган. Шундан сўнг ўша устозлар ёрдамида жадидлар фарзандлари ва шогирдларини излаб топиб улардан маълумот олдим.

Мен учун энг катта маълумот ўша вақтларда Туркистонга жадидлар томонидан олиб келинган китоблар, қўлёзма асарлар ва ҳужжатлар ҳақида маълумот олдим. Ундан ташқари Тошкентда яшаган княз Николай Романов хазиналарининг барчаси ҳали топилмаган ва эълон қилинмаган экан.

Ушбу буюмларни сўнгги маротаба 30 йилларда қатағон арафасида Тошкент шаҳри марказидаги бинолардан бирида кўришган. Ушбу бино остида яширин ертўла борлигини айтган эди бир ўқитувчим. У киши бу ҳақида ўз отасидан эшитган экан. У кишининг оталари 37-38 йиллларда барча жадидлар ва Абдулла Қодирий каби Сибирга сургун қилинган ва кейинчалик ўлимга ҳукм қилинган. Жадидлар ҳибсга олинишдан олдин ушбу бойликларни ертўлага яшириб кириш жойини девор билан беркитиб қўйишган. Хазина сирини биладиган одамлар қурбон бўлганидан кейин ундан ҳеч ким хабар топмаган.

Ушбу маълумотлар қўлимга тушганидан сўнг мен Тошкент шаҳри марказида қадимий биноларда жойлашган бир неча ташкилотларга мурожаат қилдим, лекин менинг ташаббусим натижа беришига кўпчиллик ишонмади. Шундан сўнг 2018 йилда Тошкент шаҳри марказида рус муҳандислари томонидан қурилган биноларнинг бирининг ертўласида ушбу хазинани топишга муваффақ бўлдим.

Хазина ичида нималар бор

Мен топган хазина тахминан 100 йил сақланган. Энг омадли томони шундаки – хазинанинг 80 % жуда яхши ҳолатда сақланиб қолган. Хазина таркибида Россия давлатининг охирги 300 йиллик давридаги, Европа давлатларининг охирги 200 йиллик давридаги, Туркистон заминининг 16 асрдан 19 асргача бўлган даврга оид олтин кумуш ва мис тангалари, Россия буюк князи Николай Констатинович Романовнинг шахсий коллекциясига тегишли бўлган турли буюмлар, иконалар топилди.

Коллекция таркибидаги санъат асарлари, илмий нашрлар, тарихий ҳужжатлар жуда катта аҳамиятга эга. Масалан илк ўрта асрларга тегишли бўлган Қуръон китоби, Имом ал-Бухорий ҳадислари, Муҳаммад с.а.в.нинг ҳаётга таалуқли бўлган қадимий турк тилида ёзилган жуда ноёб қўлёзмалар топилди. Ундан ташқари Алишер Навоий ва Ал-Фаробий номи билан боғлиқ асарларнинг топилиши жуда катта ютуқ бўлди.

Коллекция таркибидан биринчи ўзбек генерали – Генерал Жўрабек ва унинг ёрдамчиси Бобобекка таалуқли бўлган ҳужжатлар ва хариталар ҳам топилди. Ушбу ҳужжатлар бизга Туркистон замининг охирги 500 йиллик тарихи ҳақида сўзлаб беради.

Хазинада, шунингдек, Туркистон халқ университети жадидларига тегишли бўлган 30 дан ортиқ мақолалар, ҳужжатлар ва фотосуратлар топилган.

Хазина ким томонидан яширилган

Хазинани яширганлар асосан биинчи Туркистон халқ университети зиёлилари – жадидлар бўлган Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, шунингдек, ўша даврларда Марказий Осиёда яшаган рус, немис шарқшунос олимларининг ҳиссаси жуда катта бўлган.

Хазинанинг келажак тақдири қандай бўлади

Айни дамда, биринчи навбатда, хазинанинг хавфсиз сақлаб қолиш, Ўзбекистондан олиб чиқилишига йўл қўймаслик масаласи кўриб чиқилмоқда. Хазина топилганидан сўнг уни мўмай нақд пулга сотиб олишга ва хорижга олиб чиқиб кетишга бир неча уринишлар бўлди.

Хазина олимлар томонидан ўрганиб чиқилганидан сўнг у тарих, санъат  ва бошқа музейларга тақсимланади ва кенг оммага намойиш этилади.

Шунингдек, 2021 йилда Лондонда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда хазинада топилган маълумотлар асосида Ўзбекистон шарқшунос олимлари томонида маълумот берилади. Ўзбекистонда ундан олдинроқ эълон қилинса керак, дейди Муҳаммадбобур. 

2809
Микрофон на сцене. Архивное фото

Жонли ижрода концерт берадиган санъаткорлар 50 % ижара имтиёзига эга бўлади

65
Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади;
  • концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари асосида ўтказилади;
  • Президент, Ҳукумат ва ҳокимнинг давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар буюртмачилари ва молиялаштириш манбалари кўрсатилади;
  • давлат органлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар хизмат кўрсатганда ёзма ва ҳақ эвазига шартнома тузилади (концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно).

Тадбирларга ижодкорларни жамоатчилик асосида жалб қилишга йўл қўйилмайди

Фармонга мувофиқ, Маданият вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

2020 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилади ва улар таълим муассасаларига тўлиқ етказилади.

65
Инстаграм-поединок: Лола Астанова выступила с американским блогером - видео

Соҳибжамол Лола Астанова машҳур блогер билан ролик тайёрлади

558
Хонандалар роликни “Мусиқий беллашув” деб номлашди, унда "Тахт ўйинлари" сериали саундтрекини ижро этишди.

ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистонлик пианиночи Лола Астанова машҳур америкалик блогер Руди Манкусо билан видео ролик тасвирга олди.

Хонандалар роликни “Мусиқий беллашув” деб номлашди, унда "Тахт ўйинлари" саундтрекини ижро этишди.

Посмотреть эту публикацию в Instagram

Публикация от LOLA ASTANOVA (@lolaastanova)

Шунингдек, улар "Кариб денгизи қароқчилари" фильмига саундтрек ижро этишди.

Посмотреть эту публикацию в Instagram

Публикация от LOLA ASTANOVA (@lolaastanova)

Ўтган йили Лола Астанова "Тахт ўйинлари" сериали бош қўшиғини ижро этган эди. Ушбу видео 74 мингдан ортиқ лайк тўплади.

Руди Манкусо – YouTubeда ўзининг комик видеолари билан машҳур бўлган блогер ва мусиқачи. Унда YouTubeда 5 миллиондан ортиқ, Instagram’да 9 миллиондан зиёд обуначиларига эга.

558
Виза в паспорте

Авиакомпаниялар Ўзбекистонга келувчи йўловчилар ҳақида ДХХга олдиндан хабар қилади

46
(Янгиланган 11:06 05.06.2020)
Ушбу йилнинг 1 июлидан бошлаб брча хорижий авиакомпаниялар йўловчилар паспорт маълумотларини ДХХ Чегара қўшинларига олдиндан хабар қилиш тартиби ўрнатилади.

ТОШКЕНТ, 5 июн - Sputnik. Ўзбекистонга учаётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемалари ўз йўловчилари бўйича дастлабки маълумотни тақдим этиш тартиби белгиланди деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси.

Янги тартибга кўра, 1 июлдан бошлаб хорижий авиакомпаниялар йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотларни Ўзбекистон ДХХнинг Чегара қўшинларига тақдим этиши шарт. 

"2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга ошираётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этилади", - дейилган хабарда.

Ушбу тартибни жорий этиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари бўлинмаларига хорижий мамлакатларнинг ҳаво кемалари эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 293-сонли Қарорида белгиланган.

Хабарда айтилишига кўра, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.

 

46