Ўзбекистонлик фермерлар қуёш станциялари ўрнатишни бошлади

269
Юқори самарадорликка эга бўлган фотоэлектр (қуёш) панеллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган.

ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Жиззах вилояти Фориш туманидаги «LAZZAT KAFOLAT» узумчилик-фермер хўжалигига қарашли узумчилик плантациясида чуқурлик насосини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида фотоэлектр (қуёш) станциясини ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича ишларни якунладилар.

Насос қишлоқ хўжалик экинларини доимий суғорилишини таъминлаш учун қудуқдан сув чиқаришга мўлжалланган. 

“Юқори самарадорликка эга бўлган фотоэлектр (қуёш) панеллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Уларнинг кафолатланган хизмат кўрсатиш муддати 25 йилни ташкил этади”, - дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Қайд этилишича, замонавий қурилма соатига 10 киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бир ёруғ кунда у 80 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Ойлик электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати эса 2400 киловаттга тенг. Суғориш мавсумида (март-октябрь ойлари) бу рақам 19200 киловатт электр энергиядан ошиб кетади. 

Таққослаш учун, фермер ўзини электр энергияси билан таъминлаш учун 1 км қиймати 35 млн сўмга яқин бўлган электр узатиш линияси қуришга мажбур бўлади. Бунга қўшимча тарзда, амалдаги тарифга кўра ҳар йили фойдаланилган электр энергияси учун 9 млн. сўм тўлашига тўғри келади. 

Қуёш қурилмасини ўрнатиш учун фермер 78 млн. сўмга яқин маблағ сарфлайди. Мазкур қурилма 8 гектар ерни одатий усул билан, 30 гектар ерни эса томчилаш усулида суғориш имконини беради.

Бунда фермер ҳар бир гектар ердан, мисол учун, полиз (қовун, тарвуз) экинларидан бир йилда 30 млн сўм фойда олиши, 8 гектардан эса мос равишда 240 млн сўм даромад олиши мумкин. Ўрнатилган қурилма харажатлари биринчи йилнинг ўзида қопланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президентнинг қарорига биноан, юридик ва жисмоний шахсларга банк кредитлари эвазига қайта тикланувчи энергия қурилмаларини, электр тежовчи газ қурилмалари ва қозонларини сотиб олганлик учун фоиз тўловлари компенсация ҳисобидан қопланиши белгилаб берилгани хабар қилинган эди.

269