АО «Navoiyazot»

"Навоийазот" цехлари фаолияти тўхтатилди

214
(Янгиланган 15:54 05.11.2019)
Корхона ҳудудида турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойга аралаш ҳолатда жойлаштирганлиги, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги, қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндилари жойлаштирилганлиги оқибатида атроф-муҳит ҳолати сифатининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

ТОШКЕНТ, 5 нояб - Sputnik. Давлат Экология қўмитаси томонидан жорий йил 16-25 сентябрь кунлари аҳолининг кўп сонли шикоятларига сабаб бўлган «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфидаги Навоий вилоятида жойлашган «NAVOIYAZOT» акциядорлик жамиятида текширишлар ўтказилди ва натижада, жамиятнинг қатор цехлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Мазкур корхона 1964 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунга қадар айрим цехлари бирор маротаба реконструкция қилинмаган, эскирган ускуналарни алмаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар доимо кечиктириб келинган бўлиб, буни  қуйидаги таҳлилларда кўриш мумкин.

Корхонанинг «Кучсиз азот кислотасини ишлаб чиқарувчи», «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи», «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» цехларидаги агрегатлар яроқлилик муддатини ўтаб бўлганлиги, эҳтиёт қисмлар белгиланган муддатларда алмаштирилмаганлиги сабабли азот оксидлари, хлор ва хлор кислотаси, аммиак моддасини атмосфера ҳавосига ташланиши рухсат этилган меъёрлардан юқори чиқиш ҳолатлари бир неча бор аниқланган. Сабаби ускуналар эскирган, буюртмалар берилган бўлса-да, янги қурилмалар етказиб берилмаган, эскирган қурилмалардан ҳали-хануз фойдаланиб келинмоқда. 

Текшириш даврида ўтказилган лаборатория таҳлил натижаларига кўра корхона фаолияти натижасида атроф-муҳитга ташланаётган ифлослантирувчи моддалар таркибидаги азот оксидлари 2,9 маротаба, аммиак 1,5 маротаба, хлор моддаси 9,4 маротаба, хлорид кислотаси 1,5 маротаба рухсат этилган меъёрдан юқори чиқиш ҳолатлари аниқланди. 

Текшириш даврида корхонанинг «1-навбатдаги азот кислотасини ишлаб чиқарувчи» 5-цехидаги 10-агрегатни, 25-цехидаги 1-агрегатни, «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» 23-цехдаги 87-манбани, «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи» 107-цехдаги 1-компрессорни ва «Аммоний хлорид ишлаб чиқариш» бўлими фаолиятлари вақтинча тўхтатилди.

Корхона фаолияти натижасида ҳосил бўлган оқова сувларни Зарафшон дарёсига ташланаётган нуқтасида лаборатория таҳлиллари ўтказилганида оқова сувлар таркибидаги азот аммоний моддаси 4,6 маротаба, азот нитрит 1,5 маротаба, азот нитрат 2,5 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 1,2 маротаба, сульфатлар 2,4 маротаба рухсат этилган меъёридан юқорилиги аниқланди, оқова сувларни тозалаш иншоотининг ишлаш самарадорлиги 73 % кўрсатмоқда.

«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасида юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари белгиланган бўлиб, корхонада мазкур мажбуриятлар бажарилмаган хусусан, корхона ҳудудида турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойга аралаш ҳолатда жойлаштирганлиги, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги, корхона ташқарисида ўзига тегишли бўлмаган ер майдонида жуда кўп миқдордаги (12.000 тн) қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини олиб бориб жойлаштирилганлиги оқибатида атроф-муҳит ҳолати сифатининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

Текшириш натижаларига кўра, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»,  «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг тегишли моддалари билан жами 45 нафар масъул шахсларга нисбатан жами 27,8 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги учун қўшимча равишда 520,4 млн. сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

Текшириш якуни билан корхонада аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, 21 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда Давлат экология қўмитаси томонидан назоратга олинди.

214
Производство автомобилей на заводе Узавтомоторс

Ўзбекистон саноати қанчалик рақобатбардош - БМТ рейтинги 

267
(Янгиланган 09:56 15.07.2020)
БМТ дунё мамлакатлари саноатининг рақобатбардошлик рейтингини янгилади. Унга давлатларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш салоҳияти акс этади.

ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. БМТ рақобатбардошлик рейтингини  янгилади. Унда Ўзбекистон 152 давлат орасида 0.017 кўрсаткичи билан 92 ўринни эгаллади. Максимал кўрсатгич 1га тенг бўлиши мумкин.

Бу Марказий Осиё республикалари орасида 2-ўрин. Олдинда Қозоғистон - 68 ўрин кўрсатгичи - 0,035. Орқада Қирғизистон 122 ўрин, ва Тожикистон - 129 ўрин. 

МДҲ давлатлари орасида етакчи - Россия - 32 ўрин ва 0,097 коэфицент, кейин Беларус - 47-ўрин ва 0.063, учинчи ўринда Қозоғистон. 

Саноат рақобатбардошлиги бўйича дунёда биринчи ўринда - Германия (0.471), иккинчи - Хитой (0.372) ва учинчи ўринда Жанубий Корея (0.349). 

БМТ давлатлар саноат рақобатбардошлилилигини 2003 йилдан буён ҳисоблаб келади. Унда давлатларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш салоҳияти акс этади. 

267
Ташкент-сити

Яшаш учун энг арзон давлат: Ўзбекистон нечанчи ўринда?

360
Рейтингга дунёнинг 135 та мамлакати киритилган бўлиб, у уй-жой ижара пули, яшаш индекси қиймати ва аҳолининг харидорлик қобилияти каби кўрсаткичлар асосида тузилган.

ТОШКЕНТ, 15 июл - Sputnik. Numbeo портали яшаш учун энг қиммат ва энг арзон мамлакатлар 2020 йилги рейтингини эълон қилди.

Рейтингга дунёнинг 135 та давлати киритилган бўлиб, рўйхат уй-жой ижара пули, яшаш индекси қиймати ва аҳолининг харидорлик қобилияти каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилади.

Ўзбекистон ушбу рўйхатда 130-ўринни эгаллади.

Рейтингдан, шунингдек, Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Қозоғистон 116-ўринни, Қирғизистон 133-ўринни, Афғонистон 132-ўринни, Покистон эса 135 — энг сўнгги ўринни эгаллади.

Бермуд ороллари 2020 йилда яшаш учун энг қиммат деб топилди. Ундан кейинги поғоналарни Швейцария, Норвегия, Исландия ва Япония эгаллаган.

360
Врач в больнице Саны, Йемен

Қозоғистонда вафот этган шифокорлар хотирасига тиббий "ўлмас полк" ўтказилди

8
Сил касаллиги диспансери бош шифокори Болат Сагымбеков ўз навбатида ташкилотчилар - тиббиёт ходимлари уюшмаси вакиллари шу тариқа пандемияга қарши курашган ҳамкасблари хотирасига ҳурмат бажо келтиришганини маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 15 июл - Sputnik. Қозоғистонда 13 июль куни бир гуруҳ шифокорлар тиббий "ўлмас полк" тадбирини ўтказишди. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар бермоқда.

Воқеа 13 июль куни - Қозоғистонда бўлиб ўтган умумиллий мотам кунида рўй берган.

Қозоғистоннинг бир нечта регионларида тиббиёт ходимлари йўл четида қатор бўлиб турган ҳолда, коронавирус оқибатида вафот этган ҳамкасблари портретларини кўтариб ўзига хос акция уюштирганлар.

Ушбу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгач, интернет фойдаланувчилари акцияни кескин танқид остига олдилар.

Уларга кўра, шифокорлар бу вақтда йўл четида сурат кўтариб туриши эмас, балки кимнингдир ҳаётини қутқаришлари керак эди.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари танқидларга жавобан, идора ушбу флешмоб ташкилотчиси эмаслигини маълум қилди ва бу ҳолатда уларнинг бирдан-бир вазифаси санитария-эпидемиологик режимга амал қилинишини таъминлаш эканлигини эслатиб ўтди.

Сил касаллиги диспансери бош шифокори Болат Сагымбеков ўз навбатида ташкилотчилар - тиббиёт ходимлари уюшмаси вакиллари шу тариқа пандемияга қарши курашган ҳамкасблари хотирасига ҳурмат бажо келтиришганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга қарши курашган, аммо ўзлари қурбон бўлган медиклар рўйхатини эълон қилган эди. Қозоғистонда шифокорларнинг 5000дан зиёди коронавирусни юқтириб олган. COVID-19га қарши курашиб, вафот этган 42 нафар шифокорга улар вафотидан сўнг мамлакат президенти Касим Жомарт Токаев томонидан орденлар тақдим этилди.

8