ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги республикага Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича олиб борилаётган музокаралар жараёнида ёрдам беради.
Жанубий Кореянинг ташқи савдо масалалари бўйича экспертлари ва мутахассислари шундай фикрдалар.
"ЕОИИ қошида кузатувчи мақомини олиш ЖСТ доирасида тариф сиёсати бўйича шериклар билан музокараларни уйғунлаштириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон учун мақбул қадамдир", - дейди Жанубий Кореянинг Lee & Ko юридик фирмаси мутахассиси Нани Хо.
Нани Хо хонимнинг сўзларига кўра, республика ҳукумати аввало ташқи савдонинг умумий режимини кенгайтиришга, кейинчалик - минтақавий интеграллашув жараёнларига эътибор қаратишлари керак.
Ўз навбатида, КИЭП илмий ходими Су-Донг Ким "агар мамлакат МДҲ сингари, Европа ва Осиё давлатларига озиқ-овқат ёки қишлоқ хўжалиги хом ашёси экспортини кенгайтирса ЖСТга киришда муваффақият эҳтимоли анча юқори бўлишини" таъқидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу Ўзбекистонга нафақат рақобатбардошлик, балки маҳсулот сифатини оширишда ҳам ёрдам беради.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишларни янгилагани ҳақида баёнот берган эди.
2019 йилнинг ёзида мамлакат ҳукумати ЖСТга Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга қўшилиши тўғрисидаги аризани кўриб чиқиши учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни тақдим этишди.
Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлишда иқтисоди ривожланаётан мамлакат имтиёзларини олиш ниятида.
ТОШКЕНТ, 2 мар - Sputnik. Солиқ мажбуриятини бажармаган тадбиркорлар юридик манзилини ўзгартира олмайди. Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитасининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 декабрдаги 763-сон қарорига асосан, корхона юридик манзилини ўзгартириш учун солиқ органининг электрон хулосаси керак бўлиши белгилаб қўйилган эди. Ушбу қонун нормаси 4 мартдан бошлаб кучга киради.
Солиқ органининг электрон хулосасини олиш учун қуйидаги 4та мажбурият бажарилиши керак:
Тадбиркорлар ушбу талабларни бажарган ҳолда, қайта рўйхатдан ўтказилади. Акс ҳолда - рад жавоби берилади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 декабрдаги 763-сон қарорига асосан “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар киритилган эди.
Яқинда Солиқ қўмитаси томонидан эълон қилинган шубҳали операциялар амалга оширган юридик шахслар орасида, солиқ мажбуриятларини бажармаслик учун юридик манзилини ўзгартириш ҳолатлари тез-тез учраб туриши айтиб ўтилган эди.
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистондан электр энергиясини импорт қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.
“Биз Қозоғистон ва Ўзбекистондан электр энергиясини импорт қилиш масаласини кўриб чиқяпмиз”, - деди у “Казинформ” ХААга берган интервьюсида. Интервью матни давлат раҳбарининг расмий сайтида чоп қилинган.
Жапаров ҳозир дунёда сув танқислиги мавжудлиги ва шунга ўхшаш муаммолар Қирғизистонни ҳам четлаб ўтмаслигини таъкидлади.
“Таъкидлаш жоизки, Токтогул сув омборимиздаги вазият ҳозиргидек ривожланса, у ҳалокатга олиб келадиган аҳволга келади”, - дея истисно қилмади у.
“Қозоғистон Республикаси мамлакатимизга 0,9-1 миллиард кВт электр энергиясини экспорт қилишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилди. Биз ўз навбатида Ўзбекистон билан ҳам музокаралар олиб бормоқдамиз”, - дейди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, агар Қирғизистон етказиб беришни ташқаридан таъминламаса, республика бу масалани мустақил ҳал қилишига тўғри келади, “бироқ бунинг натижасида вегатацион пайтда ҳеч кимга сув етмайди”.
“Ва натижада Токтогул сув омборидаги сув сатҳи пасаяди. Шу боис Қозоғистон ва Ўзбекистондан энергияни импорт қилишимиз даркор”, - дея тушунтирди Қирғизистон етакчиси.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. “Ҳарбий хизмат ўтаган, ички ишлар ва божхона идораларида хизмат ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини давлат пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тайёрланди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсадлар:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва собиқ Совет Социалистик Республикалар Иттифоқининг қонун ҳужжатларига мувофиқ яратилган бошқа ҳарбий тузилмаларда ҳарбий хизмат ўтаган бўлиб, собиқ Иттифоқ таркибига кирган, бироқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлмаган давлатлар ҳудудида истиқомат қилаётган шахслар ҳамда ушбу шахслар оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш (агар зикр этилган шахсларнинг пенсия таъминоти, мулоҳаза юритилаётган давлатларнинг ҳарбий хизмат (хизмат) ўтаган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлашга оид қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган бўлса);
ҳарбий хизматчиларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш масалаларини нафақат уларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларига тааллуқли кўплаб меъёрларни бир бутун қилиб, ўз ичига мужассам этадиган кодекс хусусиятига эга ҳужжат асосида, балки соҳага оид устувор масалаларни белгилаш бўйича давлат ҳокимияти идораларининг мажбуриятларини аниқ ифодалайдиган, мулоҳаза юритилаётган масалаларни рўёбга чиқариш йўлларини белгилаб берадиган ҳужжат асосида йўлга қўйиш киради.
"Қонун лойиҳаси пенсияларнинг қуйидаги миқдорларини кўзда тутади:
а) ҳақиқий ҳарбий хизмат ўталган муддат 20 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, хизмат ўташнинг чекланган ёшига етгани ёки соғлиги ёмонлашгани муносабати билан ҳақиқий ҳарбий хизматдан (хизматдан) истеъфога бўшатилган шахсга эса 45 фоизи тайинланади. 20 йилдан ортиқ ўталган ҳар бир тўлиқ хизмат йили учун пул таъминотига оид тегишли сумманинг 3 фоизи қўшилади. Бироқ пенсия миқдори, ушбу сумманинг жами 75 фоизидан ошмайди;
б) умумий меҳнат стажи 25 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, 25 йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ стаж йили учун зикр этилган сумманинг 1 фоизи қўшилади;
в) меҳнат стажи ҳисобга олинган тарзда хизмат ўтаган йиллари учун пенсия тайинланаётганида: умумий меҳнат стажи 20 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, 20 йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ стаж йили учун зикр этилган сумманинг 3 фоизи қўшилади. Бироқ пенсия миқдори, пул таъминотига оид тегишли сумманинг жами 75 фоизидан ошмайди.
Хизмат ўтаган йиллари учун тайинланадиган пенсия миқдори Ўзбекистон Республикасида жорий этилган ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
Ҳарбий хизматчилар тоифасига мансуб, ногиронлик ҳолати ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган (ҳарбий жароҳат олган) ногиронларга қуйидаги миқдорларда пенсия тайинланиши кўзда тутилган:
I гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 90 фоизи;
II гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 80 фоизи;
III гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 55 фоизи", - деб ёзилган ҳужжатда.