Меҳнат мигрантларига уй қандай тартибда берилади - эксперт изоҳи

558
Тартибга мувофиқ, уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили туман (шаҳар)лардан белгиланган тартибда ажратилади

ТОШКЕНТ, 13 фев - Sputnik. Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби белгиланди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти филиали директори Абдуазиз Хафизов.

Тартибга мувофиқ, уй-жойлар имтиёзли ипотека кредити асосида ҳар йили туман (шаҳар)лардан белгиланган тартибда ажратилади.

Уй-жой ажратиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1. ариза берувчи талабгор сифатида "labor_migration" дастурий мажмуасидан рўйхатдан ўтиши керак.

Ушбу дастурдан рўйхатдан ўтиш учун ариза берувчи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки унинг ҳудудий филиалларига мурожаат қилишлари лозим бўлади. Аризани уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигранти ёки унинг номидан оила аъзоси (отаси, онаси, фарзанди, ака-укаси, опа-синглиси) беради.

2. Шаффофликни таъминлаш мақсадида дастурдан рўйхатдан ўтган фуқаролар www.labormigration.uz расмий веб-сайтда доимий эълон қилиб борилади.

Ариза берувчи ёзма тавсияни олиш учун талабгорларни танлаш бўйича комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича ҳужжатларни ва сўровнома-аризани тақдим этади.

Комиссия ҳужжатларни 15 иш куни ичида кўриб чиқади.

Комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қатор ижтимоий мезонлар асосида (талабгор номида уй-жой йўқлиги, ижарада туриши, бошқа оила билан бир уйда яшаши, кўп болалилик ва б.) аниқлайди.

3. Аризани кўриб чиқиш ва уй-жой шароитини ўрганиш натижасида комиссия ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси филиалига мурожаат қилади.

2020 йил дастурлари доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича: имтиёзли давр – 1 йил; - кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2019 йил 20 августдаги Фармонида уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши белгиланган.

558