Дети отдыхают на пляже детского лагеря.

Болалар далаларда эмас, орзуларда ишлаши керак - Ўзбекистонда ноёб акция ўтказилди

282
(Янгиланган 18:05 12.06.2019)
Халқаро меҳнат ташкилоти ахборотига кўра, дунё бўйича беш ёшдан ўн етти ёшгача бўлган 218 миллион бола ишлашга мажбурдир. Шундан 73 миллион нафари хавфли меҳнатга жалб қилинган.

ТОШКЕНТ, 12 июн - Sputnik. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 12 июн - Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган "Болалар далаларда эмас, балки орзуларда ишлаши керак!" шиори остида тантанали тадбир ўтказилди.

Тадбир Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) иштирокида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Баркамол" болалар соғломлаштириш оромгоҳида бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Профсоюз РУз
Акция посвященная Всемирному дню борьбы с детским трудом прошла в Узбекистане

"Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан жаҳон ҳамжамиятига етказишдир", деди Sputnik мухбири билан суҳбатда Касаба уюшмаси вакили Муҳаббат Ўрмонбекова.

Ўрмонбекованинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда президент ташаббуси билан давлат сиёсати доирасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам махсус тадбирлар дастури амалга оширилмоқда.

"Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган самарали механизмлардан яна бири мамлакатимизда таълим билан бир қаторда болажонларни соғломлаштиришга катта эътибор қаратилиши ҳисобланади. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида Ўзбекистон миқёсида 1067 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 224 таси стоционар турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари бўлса, 843 таси соғломлаштириш майдончаларидир", - дейди суҳбатдош.

Ўрмонбекованинг сўзларига кўра, жорий йил ёз мавсумида жами оромгоҳларда 310 минг нафарга яқин болалар соғломлаштирилади. Уларнинг 171 минг нафарга яқини стационар турдаги оромгоҳларда, 138 мингдан зиёди соғломлаштириш майдончаларига жалб этилади. Ушбу мақсадлар учун жами 91 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган. 

Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн. бола ишлашга мажбурдир. Уларнинг 152 миллион нафари болалар меҳнатидан жабрланганлар бўлиб, шундан 73 миллион нафар бола хавфли меҳнатга жалб қилинган, уларнинг қарийб ярми 5-11 ёшдаги болалардир. Дунё бўйича болалар меҳнати деярли барча соҳаларда учрайди, бироқ 10 боланинг 7 таси қишлоқ хўжалигида меҳнат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати ёрдамида ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан ўчирган ва Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича амалга ошираётган сайи ҳаракатларини олқишлашини маълум қилган эди.

282