"Сардоба" иши бўйича тергов қандай бормоқда: Бош прокуратуранинг илк баёноти

2117
(Янгиланган 17:42 16.05.2020)
Жиноят иши доирасида 10дан ортиқ экспертиза ва лаборатория тахлилий тадқиқотлар тайинланган. Омбор қурилишида бош пудратчи сифатида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "ЎзТемирйўлҚурилишМонтанж" унитар корхонаси қатнашган.

ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. 2020 йил 1 май куни "Сардоба" сув омбори тўғони ўпирилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207 моддаси 1-кисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2 қисми "б" банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизматининг Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда бугун Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов Халқаро пресс клубнинг Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган жонли эфири давомида маълум қилди.

Таъкидланишича, "Сардоба" сув омбори Ҳукуматнинг 2010 йилдаги қарори асосида Сардоба, Мирзаобод ва Ховос туманлари ҳудудида барпо этилган бўлиб, умумий сиғими - 974 млн. метр кубни ташкил қилади.

Периметри - 42 км., тўғон узунлиги - 28 км., майдони 6 минг 800 гектар.

Тўғоннинг максимал баландлиги - 33 метр бўлиб, сувнинг максимал баландлиги - 30 метрни ташкил қилади.

Объект буюртмачиси- "Сирдарё қурилиш инвест" ДУК бўлиб туриб, бош пудратчи сифатида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга қарашли "ЎзТемирйўлҚурилишМонтанж" унитар корхонаси қатнашган.

Қурилиш ишларига - 28та суб-Пудратчилар жалб этилган.

Лойиҳачи сифатида - "UzGip" МЧЖ иштирок этган.

Лойиҳа қиймати - 1,2 триллион сўмни ташкил қилган.

Молиялаштириш манбаи - бюджет маблағлари ҳисобидан бўлган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона олиб бориш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлигининг малакали ва тажрибали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи ташкил қилинган.

Жиноят иши бўйича тергов қуйидаги асосий тергов тахминлари олдинга сурилиб, текширилмоқда:

Биринчиси- лойиҳалашдаги хатоликлар;

Иккинчиси - қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;

Учинчиси - эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;

Тўртинчиси - табиий офат.

Тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, унинг қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олинган.

Жиноят иши доирасида 10дан ортиқ экспертиза ва лаборатория тахлилий тадқиқотлар тайинланган.

Шу жумладан, сув омбори тўғони (плотина) - лойиҳага мос қурилгани; эксплуатация қоидаларига риоя этилгани; ҳисоботларда акс эттирилган эксплуатация харажатлари ва уларнинг ишлари ҳақиқатда бажарилгани; молиявий-хўжалик ҳисоботлари тўғри юритилганлиги текширилмоқда.

Тўғоннинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш, сув ва тупроқнинг физик хоссаларини аниқлаш мақсадида тафтиш ва назорат ўлчовлари тайинланган.

Сув омбори қурилишида амалда бажарилган ишлар, фойдаланилган материаллар сифати ва миқдорини аниқлаш мақсадида судга оид қурилиш-техникавий экспертиза тайинланган.

Бундан ташқари, жиноят иши бўйича 25 дан зиёд тегишли идора вакилларидан иборат мутахассислар жалб қилиниб, ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Гидротехник иншоотларни қуриш ва эксплуатация қилиш соҳаси мутахассисларини жалб қилган ҳолда бутун тўғон ички ва ташқи томони кўздан кечирилиб, унинг фаолиятига эҳтимол таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда.

Шу билан бирга, тезкор-тергов гуруҳи ҳамда Ҳукумат комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва тезкор маълумот алмашуви йўлга қўйилган бўлиб, етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ва тезкор-қидирув тадбирлар давом этмоқда.

2117
Мавзу:
“Сардоба” тўғони ёрилиши (64)

Арипов ва Мишустин савдо-иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилишди

176
(Янгиланган 19:38 20.10.2020)
Мулоқот давомида ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи мажлисига тайёргарликнинг бориши ҳолати кўриб чиқилган

ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 20 октябрь куни Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасидаги қатор масалалар муҳокама қилинди. Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашилган.

Шунингдек, ўтказилиши кўзда тутилаётган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг иккинчи мажлисига тайёргарликнинг бориши ҳолати кўриб чиқилди.

Икки мамлакат бош вазирлари бошчилигидаги ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи мажлиси Хоразм вилоятида 2019 йил май ойида ўтказилган.

176
Президент Шавкат Мирзиёев принял командующего Центральным командованием Вооруженных сил США генерала Кеннета Маккензи

Мирзиёев АҚШ генерали Маккензини қабул қилди

195
(Янгиланган 19:31 20.10.2020)
Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ делегациясини қабул қилди. Учрашувда икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот-хизмати хабар бермоқда.

"Суҳбат чоғида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар ҳамда глобал хатарларга қарши курашиш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, суҳбат давомида Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига амалий кўмак кўрсатиш юзасидан фикр алмашилган.

Генерал Кеннет Маккензи
Пресс-служба президента Узбекистана
Генерал Кеннет Маккензи

Генерал Маккензи Ўзбекистон президентига учрашув учун самимий миннатдорлик билдириб, АҚШ мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканини таъкидлаган.

195

Беларус чет элликларга COVID-19 ҳақидаги справкасиз транзит қилишга рухсат берди

55
Транзитни амалга ошираётган шахс Беларусдан 24 соат ичида транзит ўтишини ҳужжат билан тасдиқлаши керак бўлади. Чипта, Беларус транзит визаси, йўл олинган мамлакат органининг расмий таклифномаси шундай ҳужжат сифатида қайдга олиниши мумкин.

ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Беларус ҳукумати 22 октябрдан чет элликларга 24 соат давомида республика ҳудудидан COVID-19 коронавируси йўқлиги ҳақидаги маълумотномасиз транзитни амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда сешанба куни мамлакат чегара қўмитаси матбуот-хизмати хабар берди.

"22 октябр 00:00дан Беларусдан транзит ўтаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чегарада COVID-19 мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома керак бўлмайди. Шунингдек, бу шахсларга ўн кунлик ўз-ўзини яккалаш тартиби ҳам дахл қилмайди", - дейилади хабарда.

Юқоридаги ҳолатда Беларус орқали транзитни амалга ошираётган шахс Беларусдан 24 соат ичида транзит ўтишини ҳужжат билан тасдиқлаши керак бўлади. Ўтиш ҳужжати (чипта), Беларус транзит визаси, шахс йўл олган мамлакат органи (ташкилоти)нинг расмий таклифномаси, соғломлаштирувчи муассасага йўлланма ва бошқа ҳужжатлар шундай ҳужжат сифатида қайдга олиниши мумкин.

24 соатлик транзитни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Беларусга маълумотномасиз ва ўз-ўзини яккалаш шартига амал қилмаган ҳолда кириб келишларига рухсат берилади. Аммо бу ҳолатда чегара хизматчилари мамлакатга кириб келган шахсга "ташриф буюрувчи анкетаси"ни беришади. Унда меҳмон "Беларусь Республикаси орқали 24 соатдан ошмайдиган транзит" ёзувини қолдириши лозим бўлади.

Шахс ушбу анкетани ўзида сақлаши ва мамлакатдан чиқиб кетаётганида чегара хизматчисига тақдим этиши керак бўлади.

Қайд этилишича, 24 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетишга улгурмайдиган шахслар чегарада коронавирус йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари керак бўлади. Бундай маълумотномани олиш учун соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилиш талаб этилади, деб таъкидланган хабарда.

55