Нюрнберг жараёнисиз дунё одамзод кўзига бу қадар жозибадор кўринмаган бўлур эди - Саидов

506
Академик Саидовга кўра, Трибунал ҳозирги замон халқаро судлари тизимини барпо этиш учун намунавий модел вазифасини ўтади. Халқаро жиноят суди шу негизда ташкил этилгани халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро жиноят ҳуқуқи ривожига туртки берди.

ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. Москвада куни кеча ва бугун ўтказилаётган "Нюрнберг трибуналининг 75 йиллиги: тарихий ҳақиқатлар ва янги давр даъватлари" халқаро илмий-амалий форумининг эрталабки онлайн сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва "Нюрнберг меросининг халқаро ва миллий ҳуқуқ тизимларига таъсири" мавзусида маъруза қилди.

Тадбир Россия Федерациясининг Ғалаба музейи томонидан президент грантлари фонди кўмагида ва Бош прокуратура, Тергов қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги каби ўндан ортиқ давлат ташкилоти, нодавлат ташкилотлар ҳамда илмий муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро илмий-амалий форумда дунёнинг 30 мамлакати ва Россия Федерациясининг 85 субъектидан вакиллар қатнашди. Халқаро анжуман доирасида иккита ялпи мажлис, тўққизта шўъба баҳс-мунозаралари ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. 

Маълумки, 1945 йил 20 ноябрда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида Учинчи рейхнинг юқори мартабали раҳбарлари устидан суд жараёни бошланганди.  Унда жаҳон урушини қўзғаган ва ўн миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган сиёсий режимнинг жиноий қилмишлари кўриб чиқилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз".

Академик Саидов Иккинчи жаҳон уруши даврида ўн миллионлаб кишилар қурбон бўлганлиги билан боғлиқ инсоният бошига тушган бундай улкан фожеани ҳамиша ёдда сақлаш керак, дея таъкидлади. Башарият ХХ асрда инсон зотига нисбатан содир этилган бу қадар шафқатсизликларга жаҳон тарихи давомида сира дуч келмаганди.

Биргина мисол: шу вақтга қадар Ўзбекистон республикаси ҳудудида ўша даврда яшаган 6 миллион 551 минг кишидан салкам 1 миллион 500 минг нафари урушда иштирок этган деб ҳисобланарди. Сўнгги маълумотлар эса, Ўзбекистондан фронтга қарийб 1 миллион 951 минг киши сафарбар этилганидан далолат бермоқда. Бу ўзбекистонликларнинг ҳар учтасидан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жангга отланган, деганидир.

Шу маънода, Нюрнберг процесси – нафақат ҳарбий жиноятчиларга нисбатан одил судлов, балки инсониятга шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида улкан тарихий сабоқ чиқариш имконини берган "тарихий суд" ҳамдир. Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санадан 75 йиллик масофада туриб, у тарихий, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий соҳалар ривожида нақадар улкан роль ўйнаганлигини яққол кўриш мумкин.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро ҳамжамият  инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий нормалар нафақат давлатларнинг миллий ҳуқуқида, балки халқаро ҳуқуқда ҳам мустаҳкамлаб қўйилиши зарур, деган хулосага келди. Бошқача айтганда, Нюрнберг жараёни дунёда янгича ҳуқуқий тартиб-таомиллар қарор топишига муайян даражада кўмаклашди.

Халқаро ҳарбий трибунал Низомига мувофиқ, инсон ҳуқуқлари соҳасига доир бир қанча халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларда давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларни таъминлаш борасидаги умумий мажбуриятлари мустаҳкамланди. Шунингдек, халқаро жиноятларга йўл қўймаслик ёки уларнинг олдини олиш бўйича аниқ нормаларни ўзида акс эттирган қатор халқаро конвенциялар тасдиқланди.

Нюрнберг жараёни сабоқлари халқаро-институтлашган одил судлов органлари учун замин бўлиб хизмат қилди. Нюрнберг жараёнига қадар халқаро ҳуқуқда фақат давлатларнинг  жавобгарлигигина кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам кўп жиҳатдан жамоавий жавобгарлик ҳисобланарди. Нюрнберг жараёни - дастлабки халқаро одил судлов тимсолида - ана шу вазиятни тубдан ўзгартирди.

Трибунал ҳозирги замон халқаро судлари тизимини барпо этиш учун намунавий модел вазифасини ҳам ўтади. Халқаро жиноят суди шу негизда ташкил этилгани ушбу фикримизни тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро жиноят ҳуқуқи ривожига туртки берди.

Нюрнберг жараёни сабоқлари инсоният фақат бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари билан зулмга бас келиши мумкинлигини ўргатди. Айнан Нюрнберг трибунали Низомидаги принциплар кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан халқаро ҳуқуқнинг инсониятга қарши жиноятлар билан курашиш соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари сифатида тасдиқланган.

Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таълим ва ахборот-маърифатга доир асосларини яратди. Халқаро ҳамжамият тинчлик маданияти, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида БМТ ўн йиллиги, тинчлик ва зўравонликка йўл қўймаслик маданияти ғояларини ҳам айнан Нюрнберг принциплари асосида эълон қилгани эътиборлидир.

Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўналишларини белгилаб олишга ўз таъсирини кўрсатгани жуда муҳимдир. Авваламбор, Нюрнберг жараёни халқаро жиноятларнинг янги турларини белгилаб берди. Кейинчалик бу янгиликлар халқаро ҳуқуқ ва аксарият давлатлар миллий қонунчилигидан мустаҳкам ўрин олди.

Нюрнберг жараёни замонавий халқаро ҳуқуқни ҳамда унинг тинчлик ва асосий инсон ҳуқуқларига риоя этишга тааллуқли принципларини изчил ривожлантиришда етакчи роль ўйнади. БМТ Бош Ассамблеяси 1946 йилнинг декабрида Нюрнберг одил судлови принциплари амалдаги халқаро ҳуқуқнинг таркибий қисми ҳисобланишини эълон қилди.

Айни чоғда, Нюрнберг жараёни берган сабоқлар бугунги кунда ҳам биз учун улкан аҳамият касб этади. Халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим принциплари ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани, шу принципларнинг амалда татбиқ этилиши туфайли инсоният тинчлик ва хавфсизликни, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини имкон қадар таъминлаб келаётгани бунинг яққол далолатидир.

Акмал Саидов қайд этганидек, Нюрнберг трибунали инсониятнинг барча муаммоларига ечим топиб бера олгани йўқ, албатта. Аммо, унинг қатъий қарорлари бўлмаганида, ҳозирги дунё одамзод кўзига бу қадар жозибадор кўринмаган бўлур эди.

Коронавирус пандемияси, бир томондан, бутун инсониятнинг бундай глобал таҳдидлар қаршисида ожизлигини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, Ер юзидаги барча давлатлар ва дунё халқлари бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлади. Бинобарин, жаҳон ҳамжамияти аъзолари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар, ишонч ва яқин ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.

Инсоният бир яққол ҳақиқатни яна эътироф этди. Бу ҳам бўлса,  ҳукуматлар, парламентлар, фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ялпи жавобгарлик, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро мувофиқлаштириш принципларини мустаҳкамлаш заруратидир.

Нюрнберг трибунали инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш борасида улкан роль ўйнагани, энг муҳими, жаҳон ҳамжамиятига ўзаро яқин қўшни, дўст ва ҳамкор бўлиб тинч-осойишта яшаш мумкинлигини кўрсатиб бергани шубҳасиз, дея ўз чиқишини якунлади академик Саидов.

 

506
Лидия Графова

"Россия миграцияси виждони": мигрантлар ҳимояси учун 500 мақола ёзган журналист вафот этди

180
Лидия Графова миграция масалаларига бағишлаб 500дан ортиқ мақолалар ёзган. У олтита китоб ва 11та ҳужжатли фильм муаллифидир. Графова — "Россия олтин қалам" мукофоти лауреати

ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Лидия Графова 82 ёшида оламдан ўтди. У узоқ давом этган бетобликдан сўнг Москвадаги клиникалардан бирида ҳаёт билан видолашди, деб хабар қилмоқда Россия журналистлари уюшмаси.

Уюшма журналист аёлнинг яқинлари, қариндошлари, дўстлари ва ҳамкасбларига чуқур таъзия билдириб қолган.

Графова ўзининг бутун умрини бутун дунё бўйлаб мигрантлар ва қочқинларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришга бахшида этган, шу учун аёлни ҳақли равишда "Россия миграциясининг виждони" дея аташади.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг ишларида ҳар бир инсон қалбига нисбатан ўта эҳтиёткорона муносабатни илғаш мумкин.

Журналист аёл РФдаги биричи мигрантларга кўмак берувчи "Фуқаролик кўмаги" жамоатчилик ташкилоти ҳаммуассиси саналади, у "Кўчиб ўтишга кўмаклашувчи ташкилотлар форуми" халқаро жамоатчиоик ҳаракатини ташкил этган. Шунингдек, "Миграция, XXI аср" журналининг бош муҳаррири ва асосчиси ҳисобланади.

Журналистика соҳасида узоқ йиллик фаолияти давомида Графова миграция сиёсатидаги муаммоларга бағишлаб 500дан ортиқ мақолалар ёзган.

Олтита китоб ва 11 та ҳужжатли фильм муаллифидир. 2003 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилдан "Йилнинг энг яхши ҳуқуқ ҳимоячиси-журналисти" унвонини қабул қилган.

2005-йилда Графова Россиядан тинчлик бўйича Нобел мукофотига номзоди тавсия этилган камсонли аёлларнинг бири бўлди.

2008 йилда Графова журналистика соҳасининг олий мукофоти - "Россия олтин қалами"ни қўлга киритган. 2010-йилда Москва мэри Графовани босма ОАВ соҳасида ҳукумат мукофоти билан тақдирлаган.

180
Шавкат Мирзиёев поздравил ветеранов с праздником

Тошкент ҳокимияти 1 млрд сўмга президент портретларини сотиб олган - ОАВ

310
Маълумот учун, "Колорпак"» томонидан чиқарилган президент портретининг улгуржи нархлари 322 минг сўм (59×71см) ва 207 минг сўмни (49×42) ташкил қилади.

ТОШКЕНТ, 25 ноя - Sputnik. Тошкент ҳокимининг бошқарув аппарати 4965 дона президент портретларини сотиб олган. Уларнинг умумий қиймати 999,05 миллион сўмга тенг. Бу ҳақда маълумотларни Давлат харидлари порталига юкланган ҳужжатда кўриш мумкин, деб хабар қилган "Дарё" нашри блогер Отабек Бакировга таянган ҳолда.

2020 йил 19 майдаги шартномага кўра, портретлар "Колорпак" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Буюртмага кўра, ҳар бири 200 минг сўмлик 2894 дона 59×71 лик портрет (жами 665,6 миллион сўм), ҳамда 2071 дона 49×42лик портрет (жами 333,4 миллион сўм) сотиб олинган.

Маълумот учун, "Колорпак"» томонидан чиқарилган президент портретининг улгуржи нархлари 322 минг сўм (59×71см) ва 207 минг сўмни (49×42) ташкил қилади.

Аввалроқ "Колорпак"нинг июнь ойида янги "Таълим" дарслигининг 6 миллион нусхасини ва "Информатика" бўйича 2 миллион нусхасини нашр этиш бўйича бош пудратчисига айлангани ҳақида хабар берилганди. Компания шартномани ўқув йили бошланишидан 2,5 ой олдин қабул қилди ва бу билан бошқа ноширлар билан тузилган шартномалар ўзгартирилди.

310

Россия Қозоғистондаги полигонда янги ракетани синовдан ўтказди

0
(Янгиланган 14:25 26.11.2020)
Ракета синовлари Қозоғистондаги “Сари-Шаган” полигонида ўтказилди. Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳақда видео лавҳа тақдим этди.

"Янги ракетага қарши ракета ўз хусусиятларини ишончли тасдиқлади, жанговар экипаж шартли нишонга белгиланган аниқлик билан зарба бериб, вазифани муваффақиятли бажарди", - дейилган Мудофаа вазирлиги хабарида.

Сўнгги марта октябр ойининг охирида айнан шу полигонда янги қурол синовидан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Бунгача, 2019 йилда ва 2017-2018 йилларда ракета учирилганди.

0