Узбекский паспорт

Хориждаги ўзбекистонликлар сайловларда иштирок этишида янги тартиб

228
(Янгиланган 16:54 22.10.2019)
Хорижда бўлиб турган республика фуқаролари илгари фақат консуллик рўйхатидан ўтган тақдирида сайловларда қатнашиши мумкин эди.

ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва вилоят, туман, шаҳар кенгашига депутатлар сайловлари роппа-роса икки ойдан сўнг – 22 декабрь куни бўлиб бўлиб ўтади. Хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг парламент сайловларида овоз бериш ҳуқуқларини амалга оширишлари учун чет эл ваколатхоналари ҳузурида 53 та сайлов участкаси ташкиллаштирилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида хабар қилинди.

Илгариги 2014 йил декабрдаги парламент сайловлари республикадан ташқарида 44 та участкада ўтказилган эди.

Тадбирда таъкидланганидек, Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши, уларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилиши белгилаб қўйилган. 

“Илгариги сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан республиканинг хориждаги ваколатхоналарида консуллик рўйхатларидан ўтганларгина фойдалана олган. Бу сафар рўйхатда бўлмаганлар ҳам иштирок эта олади. Улар биз билан боғлансалар кифоя”, - деди МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов.

Бундан ташқари, фуқаролар ТИВ расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатини сайловга ўн беш кун қолгунга қадар бериши мумкин.

"Марказий сайлов комиссияси эшитади"

Йиғилишда, шунингдек, “SAYLOV-2019” мобиль иловасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур мобиль илова сайлов комиссияларининг самарали фаолияти учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратади. Ундан сайловга оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари фаоллари ҳақида маълумотлар, сайловчилар, комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва номзодлар ҳамда кузатувчилар учун услубий тавсиялар, сайлов фаолларининг билимини оширишга доир ўқув материаллари, китоблар ва мақолалар, сайлов мавзуси бўйича савол-жавоблар ўрин олган.

Расмий маълумотларга кўра, аҳолиси 33 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистондан ҳозирги вақтда ташқарида бўлган фуқаролар сони қарийб 3 миллион. Уларнинг 2 миллионга яқини Россияда.

Навбатдаги парламент сайловлари республикада 22 декабрь куни бўлиб ўтади. Давлатнинг сайлов тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ, депутатликка номзодлар сиёсий партия томонидан илгари сурилади. Номзодларнинг рўйхатга олиниши сайловга 35 кун қолганда тугатилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда расман бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг барчасига сайловларда қатнашишга рухсат берилди.

228
Мавзу:
Ўзбекистонда парламент сайловлари – 2019 (10)