Информационные технологии

Интернет-фирибгарлар ўзбекистонликларни қандай чув туширмоқда?

1223
(Янгиланган 12:14 09.08.2019)
Интернет тармоғи инсонларга масофада туриб таълим, ахборот олиш, шунингдек, уйдан чиқмасдан у ёки бу хизмат тури учун тўловни амалга ошириш имкониятини очган бир вақтда, интернет-фирибгарлари ҳам мудраб ўтиргани йўқ. Улар ишонувчан ўзбекистонликларни чув тушириш йўлига ўтиб олган

ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. Ўзбекистон ИИВ расмий ахборотига кўра, фирибгарлар ўз мақсадини амалга ошириш йўлида ҳеч нарсадан тоймаяпти. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий топиб бораётган бир вақтда улар интернет тармоқларидан кенг фойдаланиб, одамларни алдаб чув тушириб кетишга уринмоқдалар.

Виртуал товар эвазига нақд пуллар 

Бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари чув тушаётган фирибгарлик турларидан бири - электрон тахталар, оммабоп сайтлар ва интернет-аукционларда у ёки бу товарнинг сотувга қўйилганлиги ҳақидаги эълонлардир. Бунда одатда, фирибгарлар ўз қурбонларига уларга жуда маъқул келадиган таклифлар билан чиқишади ва тўловнинг маълум қисмини нақд пул тўлови усулида электрон кошелёкка ўтказишни талаб қилишади.

"ЎзА" ахборот агентлигининг ёзишича, жорий йил февраль ойида қўқонлик Холида исмли аёл ички ишлар органларига мурожаат этиб, худди шундай турдаги фирибгарлик қурбони бўлганини айтган.

Хусусан, у интернет тармоғида ўзини Қозоғистонданман деб таништирган Гулдана исмли аёл билан танишиб, учинчиси совғага берилади, дея ваъда қилинган икки дона "iPhone XS" телефонига эга бўлиш учун 2018 йил декабрида халқаро электрон пул ўтказмаси орқали Гулдана номига 1 200 АҚШ долларини юборган. Лекин мобиль телефонини ҳам, пулларни ҳам қайтариб ололмаган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган.

Фирибгарларнинг "пири"

Мўъжизалар фақат эртакда бўлади, деган гап одамлар орасида кўп ишлатилса-да, ҳаётда ҳам содир этилишига ишонадиган инсонлар учрайди. Айниқса, фикр-мулоҳазали, кўринишидан кўп нарсанинг фаҳмига етадиган кишиларнинг фириб қурбонига айланганини эшитганда, наилож дейишдан ўзга чора қолмайди.

Айниқса, онлайн-платформаларда нархи дейлик 300 миллион сўм турадиган автомобилнинг атиги 100 миллион сўмга сотилаётгани одамларни қувонтириши эмас, сергак торттириши керак бўлган бир вақтда, кўпинча одамлар тезроқ арзон нархдаги машинага эгалик қилиш иштиёқида ёна бошлайдилар ва одатда фириб қурбонига айланадилар.

Айни вақтда МДҲ давлатларида автомобил билан боғлиқ фириб турлари жуда оммалашган. Ўзбекистонда ҳам бу турдаги фириб қурбонига айланганлар учрамоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Алишер ҳам ана шундай алданиб қолган шахслардан бири. 2018 йилнинг сентябрь ойида номаълум шахс интернет тармоғидаги "Olx.uz" онлайн-эълонлар сайти орқали "Ласетти" автомашинасини 4 300 АҚШ долларига сотмоқчи эканлиги ҳақидаги эълонни жойлаштирган. Алишернинг қизиқувчанлигини пайқаган фирибгар автомашина Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганлигини, шундай бўлса-да автомашина Беларусьда экани, агарда харидор келишилган пулни юборса, автомашинани Ўзбекистонга олиб келиб, унинг номига расмийлаштириб беришини айтган.

Ўзбекистон фуқароси 2018 йил 7 сентябрь куни "Western Union" халқаро пул ўтказмаси хизмати орқали Дилором Зиядова исмли шахс номига келишилган 4 300 АҚШ долларини юборган. Афсуски, шу кунга қадар на автомашина, на юборилган пуллардан дарак йўқ. Номаълум шахс эса телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. 

Ўз ўрнида Алишернинг 2019 йил 5 июль куни ички ишлар органларига қилган мурожаатига асосан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ИИВдан фойдали маслаҳат

Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими Мирзо Улуғбек Мадалимовбу каби ҳолатлар бутун жаҳон мамлакатлари қарши кураш олиб бораётган кибержиноятларнинг бир тури ҳисобланади ва Ўзбекистонда ҳам мазкур жиноятга қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу муносабат билан, ИИВ фуқароларни интернет тармоғида шахсий маълумотларни жойлаштирмасликни, компьютер ва мобиль алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда шубҳали туюлган банк реквизитларига маблағ ўтказмасликни ва умуман, ҳамиша ҳушёр бўлишларини сўраб қолмоқда.

1223

Ўзбекистонда коронавирус: 10 август асосий хабарлари

678
(Янгиланган 22:58 10.08.2020)
Бир сутка давомида 459 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 31 068 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 459 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 31 068 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 116 нафари Тошкент вилоятида, 106 нафари Тошкент шаҳрида, 19 нафари Самарқанд вилоятида ҳамда 7 нафари Жиззах вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги учун профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 517 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 22 559 нафарга етди.

Айни пайтда 8 311 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 1 378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор –  Қибрай туманида яшаган 44 ёшли А.А. (эркак) ва 80 ёшли Х.А. (эркак), Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 68 ёшли У.М. (аёл), Сергели туманида яшаган 63 ёшли Д.С. (эркак) ҳамда вафот этди.

Ўзбекистонда жами 198 киши пандемия қурбони бўлди.

Муҳим ёрдам

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг штаб-квартираси, COVID-19га Бутунжаҳон бирдамлиги ва ҳаракати жамғармаси орқали, Ўзбекистонга умумий қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган яна бир инсонпарварлик ёрдамини юборди. Бу сафар Истамбулдан келган рейсда 500 дона кислород концентратори олиб келинди. Бундан ташқари, ҳафта охирига лабораторияда ишлатиладиган материалларидан иборат яна бир гуманитар ёрдам юки етказилади.

Қирғизистонга парвоз

Ўзбекистон ва Қувайт авиакомпаниялари Қирғизистонга мунтазам авиақатновларни қайта тиклашни таклиф қилди. Транспорт ва йўл вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг директори Курманбек Акишев маълум қилишича, Қувайт ва Ўзбекистоннинг биттадан компанияси мунтазам рейсларни қайта тиклаш таклифи билан мурожаат қилди. Таклифлар Коронавирусга қарши кураш республика штаби томонидан кўриб чиқилмоқда.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 19,9 миллиондан ошди, 731 минг киши вафот этди, 12,8 киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,0 млн), Бразилияда (3,0 млн), Ҳиндистонда (2,2 млн).

678
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси

COVID-19 сири: олимларни тузалган одамларда антитаначалар йўқлиги ҳайратга солди

461
(Янгиланган 17:46 10.08.2020)
Соғайиб кетган одамларда коронавирусга антитаначаларнинг йўқлиги бу касаллик сирларидан бири, деб ҳисоблайди россиялик иммунолог.

ТОШКЕНТ, 10 авг - Sputnik. Коронавируснинг янги штамми билан оғриб чиққан баъзи беморларда инфекцияга қарши антитаначалар ҳосил бўлмайди. Бу ҳақда РФА академиги, Санкт-Петербург бош иммунологи, Пастер номидаги Эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот институти директори Арег Тотолян “Известия” газетаси билан суҳбатда айтди.

Мутахассис ушбу вазиятни SARS-CoV-2 коронавирусининг сирларидан бири деб атади.

"Биз COVID-19 дан соғайган 200 дан ортиқ беморларни кузатиб, уларни батафсил ўрганиб чиқмоқдамиз. Алоҳида эътиборни ташхис аниқ қўйилганларга, аммо турли ишлаб чиқарувчиларнинг беш ҳил синов тизимидан келиб чиққан ҳолда антитаначалари ишлаб чиқилмаётганларга қаратмоқдамиз", - деди иммунолог.

Тотоляннинг иқрор бўлишича, касал бўлган беморларда антитаначалар йўқлиги ҳолатлари, илгари шифокорлар кутган ҳолатларга қараганда кўпроқ учрамоқда.

Мутахассис таъкидлашича, антитаначалар одатда иммунитет танқислиги шароитида ишлаб чиқилмайди, аммо ҳаётда бундай одамлар унча кўп эмас. Шунинг учун касал бўлиб чиққанларда коронавирусга қарши антитаначаларнинг йўқлигини диққат билан ўрганиш керак, деди у.

Шунингдек, мутахассисларни коронавирусга сезгир бўлмаган одамлар тоифаси ҳайратга солмоқда.

"SARS-CoV-2га сезгир бўлмаган одамлар гуруҳи бор. Биз "қизил ҳудудда 3-4 ойлаб юзлаб беморлар билан мулоқотда бўлиб ишлаган баъзи шифокорларни синчковлик билан текшириб  чиқдик, лекин уларда антитаначалар аниқланмаяпти", - деб тушунтирди у.

Иммунологнинг фикрига кўра, бундай одамларни ўрганиш коронавирус билан курашишнинг универсал воситаси ҳақида саволга жавоб беради.

461
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси