Ўзбекистон жамоаси “Танк биатлони”да энг яхши натижа билан ярим финалга чиқди

551
(Янгиланган 11:56 09.08.2019)
Ўзбекистон ҳарбийлари 11 давлат жамоаси иштирок этаётган гуруҳда энг яхши натижани қайд этиб, ярим финалга чиқди.

ТОШКЕНТ, 9 авг – Sputnik. Халқаро армия ўйинларининг “Танк биатлони” мусобақасида илк бор иштирок этаётган Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари энг яхши натижа билан ярим финалга йўл олди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, Якка тартибдаги пойга баҳсларига кичик сержант Жобирбек Имомназаров бошчилигидаги экипаж аъзолари якун ясаб берди. Шунинг билан “Танк биатлони” мусобақасининг гуруҳ баҳсларига якун ясалди.

Натижаларга кўра, Ўзбекистон ҳарбийлари 11 давлат жамоаси иштирок этаётган гуруҳда энг яхши натижани қайд этиб, ярим финал масаласини ҳал этишди. Сўнгги баҳсда механик-ҳайдовчи сержант Каримбек Ўринов ўз билим ва маҳоратини намойиш этиб, экипажни қисқа вақт ичида белигалаган нишонларни яксон этиб, финиш чизиғини босиб ўтишини таъминлади.

Шундай қилиб, “Танк биатлони” мусобақасининг иккинчи гуруҳида биринчи босқич якунларига кўра, Ўзбекистон билан бирга яна 7 та жамоа яримга финалга йўл олди. Судан, Зимбавбе ва Ангола жамоалари мусобақани тарк этди.

551
Мавзу:
Халқаро армия ўйинлари-2019 (26)

“Юксалиш” масъулларни коронавирусга оид кунлик батафсил ҳисобот эълон қилишга чақирди

10
(Янгиланган 17:29 29.09.2020)
Ташкилот ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади деб ҳисоблайди.

ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқароларни мамлакатдаги вазият ҳақида ишончли статистика ва холис ахборот билан таъминлаш муҳимлигини маълум қилди.

Ташкилот COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ва ўлим ҳолати статистикаси қанчалик ишончлилиги, таҳлил натижаларини қанчалик тез олиш имкони борлиги, коронавирусга қарши кураш бўйича махсус штаб таркибига қайси шахслар киритилгани борасида қатор саволлар билан тегишли идораларга мурожаат қилган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати масъул идоралар раҳбарларини қуйидагиларга чақиради: 

  • Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш;
  • COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш;
  • Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш;
  • Фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.

Ташкилот ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади деб ҳисоблайди. Давлат раҳбари коронавирус инфекцияси билан зарарланишнинг ҳақиқий ҳолати бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча ҳоким ва раҳбарларни огоҳлантирган. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Таъкидланишича, ишончли, холис, ўз вақтида берилган маълумотлар фуқароларга асосли қарорлар қабул қилишга, ўзлари ва бошқаларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъулият билан ёндашишга имкон беради.  

“Пандемия бутун дунёда тўлиқ бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилиб бўлмайди. Барча юртдошларимизни хушёрликка, жуда эҳтиёткорлик билан карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишга чақириб қоламиз”, - дейилган мурожаат сўнгида.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда жами 56 252 коронавирус билан касалланган. Шулардан 52 859 нафари тузалиб кетган. 465 киши эса вирус қурбонига айланган.

10
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси

COVID-19  билан такроран касалланиш эҳтимоли кам Нурмат Отабеков

27
(Янгиланган 17:01 29.09.2020)
Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Шу сабабли ҳам коронавирус билан такроран касалланиш эҳтимоли кам - Отабеков.

ТОШКЕНТ, 29 сен – Sputnik. Сўнгги вақтларда аҳоли орасида коронавирус билан қайтадан касалланиш мумкинми деган савол пайдо бўлмоқда. Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков жавоб берди.

Отабеков айтишига қараганда, бугунги кунда дунё миқёсида коронавирусга такроран чалиниш ҳолатлари жуда кам учрайди. Учраган тақдирда ҳам улар қандай аниқландигеном даражасида аниқ ва мукаммал текширишни талаб қилади.

Лекин инсоният коронавирус билан танишганидан сўнг, салкам бир йил вақт ичида, касалликнинг аниқланган жиҳати шуки 10-кунидан бошлаб вирусга қарши иммунитет пайдо бўла бошлайди.

“Бугунги кунда аниқ айтишимиз мумкинки, касалликнинг ўнинчи кунидан бошлаб беморда COVID-19га қарши мукаммал иммун тизими шакллана бошлайди. Ўз тасдиғини топган яна бир жиҳат шуки, касалликни оғирроқ бошдан кечирган инсонда шаклланган иммун тизими анча мустаҳкамроқ бўлади”, - деди Отабеков.

COVID-19 янги касаллик бўлгани учун, уни ўрганиш ҳалигача давом этомоқда. Коронавирусга чалинган киши бироз вақт ўтиб ушбу вируснинг янги мутациясига дуч келса ҳам, унинг иммун тизими унга қарши кураша олади.

“Одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Ҳатто касалликдан кейин хосил бўлган антитаначалар титри кам бўлса ҳам, улар касаллик билан кураша олади”, - дейди шифокор.

Ушбу антитаначалар касаллик билан кураша олади. Демак, одамда COVID-19 иккинчи марта ҳатто қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин.

Шунингдек, COVID-19 бир одамда узоқ муддат сақланиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.Шу сабабли баъзи беморлар қайта касалландим деб ўйлаган бўлиши мумкин.

27