Элмира Баситханова

Болаларимиз бизнинг хазиналаримиздир - Боситхонова

78
(Янгиланган 16:18 02.12.2019)
Тошкентда “Болалар бизнинг хазиналаримиздир” номли тадбир ўтказилди. Тадбир давомида мактаб-интернатда таълим бераётган ўқитувчилар жамоасини, ўқувчиларни ва ота-оналарни диплом ва совғалар билан рағбатлантирилди.

ТОШКЕНТ, 2 дек – Sputnik. Тошкентда “Болалар бизнинг хазиналаримиздир” номли тадбир ўтказилди, деб хабар қилди Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати.

Унда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова нутқ сўзлади.

“Жорий йилнинг октябр ойида Хотин-қизлар қўмитасининг вакиллари 376 нафар ўқувчилар таҳсил олаётган, 140 нафар  педагоглар фаолият юритаётган ушбу мактаб-интернатга ташриф буюриб, мактаб жамоаси ҳамда ўқувчилар билан учрашиб, мактабни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишилган эди.

Шунингдек,  мен ушбу мактабнинг 6-синф ўқувчиси, “Марказий Осиё янги талантларни излайди!” лойиҳаси доирасидаги  (“Central Asiaʼs Got Talent”) кўрсатувда “Шукр қилинг” номли шеъри билан кўпчиликни ҳайратлантирган қизалоқ Ирода Ўрозованинг иқтидорини юқори баҳолаб, масъул бўлимларга Иродахоннинг истеъдодини рағбатлантириш, шунингдек, уни ҳамда ушбу мактаб-интернатда ўқиётган у каби иқтидорли қизалоқларни Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодликка тайёрлаб бориш тизимини йўлга қўйиш топшириғини берган эдим”, -деди Боситхонова.

“Ҳар йили 3 декабрь санасига алоҳида эътибор қаратишдан мақсад барча мамлакатларда жисмида нуқсони бор инсонларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаш, тенг ҳуқуқлиликни қарор топтириш орқали барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.

Мана шу маънода БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йилда қабул қилган қарорига биноан нишонланаётган дунё аҳолисининг “энг катта озчилигини” ташкил этувчи имконияти чекланганлар кунида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳақиқий маънодаги хазиналаримиз бўлган азиз фарзандларимизга ўз совғаларини ҳам олиб келди”, - дейилган хабарда.

Тадбир давомида 100-сонли таян-ҳаракати нуқталарида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таълим бераётган ўқитувчилар жамоасини, ўқувчиларни ва ота-оналарни диплом ва совғалар билан рағбатлантирилди.

78