Ўзбекистон кубоги турнирида муштлашган ҳакамлар тренерликдан четлаштирилди

496
(Янгиланган 20:23 18.10.2019)
16 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги мусобақасида ҳакамлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан

ТОШКЕНТ, 18 окт - Sputnik. Тошкент шаҳридаги "Универсал" спорт саройида бўлиб ўтган карате бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақасида ўзаро муштлашган ҳакамларга қатъий жазо чоралари қўлланилди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мусобақа ҳаками Азизбек Бўриев, Тошкент вилояти "Чемпион" карате спорт клуби тренери Дилшод Юсупов ҳамда Сурхондарё вилояти карате миллий федерацияси тренери Абдулазиз Исматуллаевлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда катта жанжал юз бергани, тартибсизлик юзага келгани акс эттирилган.

Видеони суратга олган шахс ҳакамлар бир-бирларининг юзларига зарба бериши оқибатида, уларнинг бурунлари қонаб кетганлигини айтиб ўтади.

Спорт вазирлиги расмий ахборотига кўра, мазкур келишмовчилик оқибатида бирон бир шахс тан жароҳати олмаган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.

Текширув якуни юзасидан Ўзбекистон карате миллий федерацияси ҳаками Бўриев А.Э.ни икки йилга ҳакамлик иш фаолиятидан четлаштириш, Сурхондарё вилоят карате миллий федерацияси тренери Исматуллаев А.И.ни уч йилга ва Тошкент вилояти “Чемпион” карате спорт клуби тренери Юсупов Д.М.ни икки йилга тренерлик фаолиятидан четлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Мусобақа бош ҳаками Қорабоев Қосимжон Ҳошимовичга эса ҳайфсан эълон қилинди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолат иштирокчиси, карате бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси катта тренери ҳамда олий тоифали тренер Бўриев Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга кўра маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларни бузганлиги сабабли миллий терма жамоа таркибидан чиқарилди.

Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган.

496
Сборная Узбекистана по футболу

Ўзбекистон МТЖнинг ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари қолдирилди

77
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият туфайли 2020 йил якунига қадар миллий жамоалар иштирокида расмий ўйинлар ўтказмасликка қарор қилинган.

ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. ОФК ва ФИФА ўзаро келишган ҳолда Жаҳон чемпионати-2022 ва Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш баҳслари доирасидаги октябрь ва ноябрь ойидаги ўйинларни 2021 йилга қолдирилди. Бу ҳақда ОФК расмий сайтида хабар қилинди.

Кузда Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 га қўшма саралашидан ўрин олган бир қатор учрашувларда майдонга тушиши режалаштирилган эди. Хусусан, ЖЧ-2022 саралашининг 2-босқичида 13 октябрь куни сафарда Яман билан, 12 ноябрь куни ўз майдонида Сингапур билан, 17 ноябрь куни сафарда Саудия Арабистонига қарши баҳс юритиши лозим эди.

Хабарда ёзилишича, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият туфайли 2020 йил якунига қадар миллий жамоалар иштирокида расмий ўйинлар ўтказмасликка қарор қилинган. Шу тариқа Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг барчаси 2021 йилга қолдирилди.

Ҳозирча саралаш ўйинларининг янги санаси ҳақида маълумот берилмаган.

77
Вынос флага Узбекистана на футбольное поле

Ўзбекистон 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади

87
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида “Тошкент–2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси ташкил этилади.

ТОШКЕНТ, 10 авг — Sputnik. “2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида “Тошкент–2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш дирекцияси ташкил этилади.

Осиё ўйинларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш Дирекциянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек қарор билан, “Тошкент–2025” ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳамда чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

87

Энди шимол томондан: Россия қирувчиси АҚШ самолётини тўхтатди

446
(Янгиланган 22:20 13.08.2020)
Россия МиГ-31бм қирувчи самолёти Баренц денгизи устида чегарага яқинлашиб келаётган АҚШ разведка самолётини тўхтатиб қолди.

ТОШКЕНТ, 13 авг — Sputnik. Россия қирувчилари Баренц денгизи осмонидан АҚШ самолётини тўхтатди. Бу ҳақда РИА Новости Россия Федерациясининг Миллий мудофаа назорати марказига асосан хабар қилди.

13 август куни Россиянинг Баренц денгизидаги нейтрал сувлар устидан фазовий назорат қилиш мосламалари Россия Федерациясининг давлат чегарасига яқинлашаётган нишонни пайқаб қолди. Нишонни аниқлаш учун Шимолий флотнинг ҳаво мудофаа кучлари навбатчиликда бўлган МиГ-31бм қирувчи самолёт ҳавога кўтарилди.

Россия қирувчи экипажи хавфсиз масофада АҚШнинг Р-8А "Посейдон" самолётини аниқлади.

Америка самолёти Россия Федерациясининг давлат чегарасидан бурилгандан сўнг, Россия қирувчиси аэродромга қайтди. Россиянинг МиГ-31бм қирувчи самолётининг парвози ҳаво майдонларидан фойдаланиш бўйича халқаро қоидаларга қатъий мувофиқ амалга оширилди.

Америка ҳарбий самолётига Россия Федерациясининг давлат чегарасини бузишга йўл қўйилмади.

АҚШ ва НАТО самолётлари Россия чегараси яқинида мунтазам равишда разведкани амалга оширадилар. Улар кўпинча Қрим ва Краснодар ҳудуди яқинида, Болтиқ денгизи устида ва Суриядаги Россия Мудофаа вазирлигининг базалар атрофида қайд этилган.

446