Торговля сувенирами для туристов

Маданий мерос объектлари ҳудудида фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сувенирлар сотилади

129
(Янгиланган 10:46 15.08.2019)
Президент “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган ёдгорликлари ҳудудида фақат мамлакатда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилади. Бу  президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгилаб қўйилган.

Шунингдек, фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан:

- туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда, 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида қоплаб берилади;

- хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

- Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади;

- тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларида ва умуман республикада Хитойда ишлаб чиқарилган эсдалик совғалар жуда кўпайиб кетгани ва тартиб ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган эди.

129

Кения ўзбекистонлик туристларга ўз ҳудудига карантинсиз киришга рухсат берди

252
Найроби аэропорти сайтида карантин бекор қилинаётган 126та давлатдан иборат рўйхат эълон қилинган. Ўзбекистон рўйхатда 124 ўринда жойлашган.

ТОШКЕНТ, 7 авг – Sputnik. Кения ҳукумати 5 августдан бошлаб ўзбекистонлик туристларга ўз ҳудудига мажбурий карантинсиз киришга рухсат берди. Бу ҳақда АТОР хабар бермоқда.

Найроби аэропорти сайтида карантин бекор қилинаётган 126та давлатдан иборат рўйхат эълон қилинган. Ўзбекистон рўйхатда 124 ўринда жойлашган.

Кенияга борадиган туристлар коронавирус йўқлиги қайд этилган инглиз тилидаги маълумотномага эга бўлишлари лозим. Бундай маълумотнома парвоздан 96 соат олдин олиниши лозим.

Найробига кириб келган сайёҳларнинг барчасини иссиғи ўлчанади, ва COVID-19 белгилари аниқланмаганида, улар ўз таътилларини эркин давом эттиришлари мумкин бўлади. Агар туристда тест натижалари бўлмаса, ортга қайтиб кетиш ёки ўз ҳисобидан икки ҳафталик карантинни ўтиш лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги турдаги коронавирус COVID-19 инфекцияси аниқлангач, 2020 йил 16 мартдан эътиборан дунёнинг барча мамлакатлари билан авиа- ва автомобиль-қатновларини тўхтатди. 30 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилиб, авиақатновлар бутунлай тўхтатилди.

252

Туристлар чегаралар очилгач қаерда дам олмоқчи - сўров натижаси

449
Ҳукуматдаги манбалардан олинган маълумотлар асосида ОАВда берилаётган хабарларга кўра, тез кунларда Венгрия, Мальдив ороллари, Жанубий Корея ва БААга парвозларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади

ТОШКЕНТ, 31 июл – Sputnik. Онлайн-сервис орқали сўроққа тутилган туристлар, яқин кунларда қатор давлатлар билан авиа-парвозлар қайта тикланадиган бўлса, ёз ойига доир режаларингизни ўзгартиришга тайёрмисиз, деган саволга жавоб бердилар, деб хабар қилган OneTwoTrip.

ОАВда "ҳукуматдаги манбаларга таянган ҳолда" берилаётган хабарларга кўра, тез кунларда Венгрия, Мальдив ороллари, Жанубий Корея ва БААга парвозларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.

Компания мутахассислари 2200 нафар фойдаланувчилар орасида тадқиқот ўтказган ва иштирокчиларнинг 79 фоизи юқорида санаб ўтилган давлатларда бўлишни исташлари маълум бўлган.

Шу билан бирга туристларнинг деярли тенг ярми (45 фоизи), агар ушбу парвозларга август ойи давомида рухсат берилса, у ҳолда улар ҳордиқ чиқаришга доир режаларини ўзгартирмасликларини айтишган.

Сўровда қатнашганларнинг аксари (77 фоизи) пандемия вақтида чет элга саёҳат қилиш истаги уларда ўз жозибадорлигини йўқотмаганини айтишган. Шу билан бирга, саёҳатчиларнинг 63 фоизи чет давлатларга кузга қадар сафарга боришни хоҳламаган бўлишларини тан олганлар.

Туристлар фикрича, тез орада Таиландга сафарни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Сўроққа тутилганларнинг чорак қисми шундай фикрда. Туристларнинг ҳар бешинчиси Греция биринчи бўлиб ўз чегарасини очишини билдирган.

Овоз беришда иштирок этганларнинг 12 фоизи Испанияга сафар қилиш истагини билдирган, Мальта, Хорватия ва Черногория учун туристларнинг саккиз фоизи овоз берган. Шу йили саёҳатчилар боришни истаган мамлакатлар орасида шунингдек, МДҲ давлатлари, Шри-Ланка, Кипр, Доминикана, Вьетнам, Мексика, Куба, Марокаш ва Япония санаб ўтилган.

449

Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар ишга тушади

49
(Янгиланган 00:09 13.08.2020)
Масжидларда вақтинча жума намози адо этилмайди, диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан Ўзбекистондаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини қайта давом эттиради. Диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий баёнотида диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилиши айтилган.

Қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади:

- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

49
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси